Самарқандга янги электробуслар харид қилинади — Президент қарори
Самарқанд шаҳрида аҳоли ва экология учун хавфсиз транспорт тизимини такомиллаштириш мақсадида 100 та электробус ва 50 та қувватлаш қурилмаси ишга туширилади.
Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 22 январда қабул қилинган “Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш ва улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу ҳақда маълум қилинди.
Таъкидлаш лозимки, 2023 йилнинг 17 май куни “Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш ва улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш” лойиҳасини амалга ошириш учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 18 йил муддатга битим имзоланган.
Лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳрида ҳайдовчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув марказини ўз ичига олган, ҳаракат таркибини сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга мўлжалланган автобус саройини реконструкция қилиш ва ташқи электр таъминоти объектлари қуриш кўзда тутилган.
100 та электробус ва 50 та қувватлаш қурилмаси харид қилиш бўйича “Самарқандйўловчитранс” давлат корхонаси ва халқаро тендерда ғолиб деб топилган Хитойнинг “Yutong Bus Co., Ltd” компанияси ўртасида шартнома имзоланган. Шартнома доирасида 6 та электробус ва 3 та қувватлаш қурилмаси олиб келинган ва электробуслар шаҳар жамоат транспорти йўналишларига қўйилган.
Лойиҳанинг амал қилиш даври 3 йилни (2023–2025 йиллар) ташкил қилади. Унга кўра, электробуслар ва қувватлаш қурилмалари хусусий секторга (ташувчиларга) энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан молиявий ижарага берилади. Шунингдек, электробуслар лойиҳа доирасида танлаб олинган мунтазам шаҳар автобус йўналишларига брутто-шартнома асосида, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри 7 йил муддатга бириктирилади.
Қолаверса, 10 йил муддатга молиявий ижара шартномаси тузилади ҳамда ижара тушумлари Самарқанд вилояти жамоат транспортини молиялаштириш бўйича махсус жамғармасига йўналтирилади. Бундан ташқари, ижарачи томонидан молиявий ижара шартномасида белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилган тақдирда электробуслар ва қувватлаш қурилмалари ижарачининг мулкига тўлиқ ўтказилади.
Реконструкция қилинадиган автобус саройи ташувчиларга (танлов ғолибларига) ижара асосида хизмат кўрсатади ва учинчи шахсларга сотилиши ҳамда бегоналаштирилишига йўл қўйилмайди.