Самарқандлик ҳайдовчилар учун ажойиб янгилик

26 май куни Самарқанд шаҳрида “Суғуртанинг фуқаролар фаровонлигини таъминлашдаги ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда автотранспорт воситалари эгалари фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимини ривожлантириш, муаммолар ва келгусидаги истиқболлар муҳокама қилинди.

Тадбирда асосий эътибор мажбурий автосуғурта - автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича белгиланган суғурта тўлов миқдори бугунги бозор нархларига мос келмаслигига қаратилди. Суҳбатда Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси, суғурта компаниялари, ОАВ ва блогерлар ва суғурта хизматларидан фойдаланувчи фуқаролар иштирок этди.

Таъкидланишича, максимал суғурта тўлови - 40 миллион сўм, бу нарх 2019 йилдан бери ўзгармаган ва ҳозирда автомобилни таъмирлаш, тиббий хизматлар ва эҳтиёт қисмлар харажатларини тўлиқ қоплашга етмайди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси 160 фоизга, энг кам иш ҳақи эса 265 фоизга ошган.

- Йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланган фуқаролардан суғурта тўлови етмаслиги билан боғлиқ мурожаатлар кўпаймоқда. Одамлар ўз ҳисобидан харажат қилмоқда ва бу суғурта тизимига ишончни пасайтиради”, - деди Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси директори ўринбосари Ҳамдам Бобоев.

Шунингдек, Ўзбекистондаги суғурта мажбуриятлари миқдори қўшни давлатлар ва хорижий мамлакатлар билан солиштирганда анча паст эканлиги таъкидланди. Масалан, мажбурий автосуғурта бўйича суғурта суммаси Қозоғистонда — 6,8 баравар, Беларусда — 7,1 баравар, Россияда — 3,2 баравар, АҚШда — 113 баравар юқори.

Суғурта ҳимоясини кучайтириш мақсадида автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича белгиланган тўлов миқдорини икки баробарга ошириш — 80 миллион сўмгача етказиш режалаштирилмоқда.

Тадбир давомида аҳоли ўртасида суғурта саводхонлигини ошириш ва замонавий суғурта маҳсулотлари ҳақида маълумотни кенг тарқатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Суғурта бозорида рақобатни кучайтириш ва тартибга солиш жараёнини соддалаштириш таклифлари билдирилди. Бу эса соҳа ривожи ва фуқароларнинг молиявий хавфсизлик воситаси сифатида суғуртага бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.

Автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш — Ўзбекистонда энг оммавий суғурта турларидан бири бўлиб, барча автотранспорт воситаси эгалари учун мажбурий ҳисобланади. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган тақдирда, учинчи шахсларга етказилган зарар суғурта компанияси томонидан қопланади. Бироқ инфляция ва нархлар ўсиши шароитида муқаррар суғурта тўлови миқдори бозор талабларига мос келмай қолди.

Кутилмоқдаки, мажбурий автосуғурта тизимидаги ислоҳотлар йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланган фуқаролар манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.