Самарқандлик психолог илгари сурган лойиҳа республикада эътироф этилди

Самарқандда Халқ таълими вазирлиги, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази билан ҳамкорликда Республика илмий-амалий конференция ташкил этилди.

“Умумтаълим мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик хизмат самарадорлигини ошириш муаммолари ва ечимлари” мавзусида ўтказилган икки кунлик анжуманда вилоят халқ таълими бошқармаси психологи Хуршид Ғозиев “Фанларни ўзлаштириши паст бўлган ўқувчиларда муаммоларнинг сабаблари ва уларга ёрдам кўрсатиш” мавзусидаги лойиҳасини тақдим этди.

— Ушбу лойиҳа доирасида таълим олишда қийинчиликларга дуч келган ўқувчилар билан ишлашнинг комплекс тизими яратилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди, — дейди Х.Ғозиев. — Шу асосда умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган 2141 нафар психологлар учун яратилган махсус қўлланмани барча таълим муассасаларига етказишни мақсад қилдик.

Мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари томонидан юқори баҳоланиб, Х.Ғозиев Республика илмий-амалий конференция ташкилотчиларининг диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.