Самарқанднинг барча туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади

Энди Самарқанд вилоятиниг шаҳар ва туман марказларидаги марказий кўчаларда ва туристик объектларга олиб борувчи йўлларда юриш ва велоспорт учун “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади.

Бу бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, 2021 йил охиригача ишлар амалга оширилиши режалаштирилди. Лойиҳада мавжуд пиёдалар йўлакларини янгилаш, кенгайтириш орқали турли ёшдаги пиёдалар учун ҳамда велосипедда юрувчиларнинг хавфсиз ва тўсиқсиз ҳаракатланишига шароит яратилади.

– Ушбу ишлар вилоятимиз аҳолисини соғлом турмуш тарзига йўналтириш ҳамда уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан доимий шуғулланиши учун амалга оширилмоқда, – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев. – Замонавий юриш ва велоспорт йўлакларидан ташқари, келгуси йилларда стритбол, бадминтон, «workout» спорт турларини ўзида мужассам этган спорт майдончалари ҳам ташкил этилади. Мисол учун, Самарқанд шаҳрининг Орзу Маҳмудов, Шоҳруҳ Мирзо, Амир Темур кўчалари ҳамда Университет хиёбони бўйлаб 36,5 километр масофада шундай йўлаклар ташкил этилади.

Вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида пиёда ва велосипедда юриш учун 104,35 километр масофада “Саломатлик йўлаклари”, 109,84 километрлик “Велосипед йўлаклари” ташкил қилинади. Булардан ташқари, вилоят бўйича 56 та Workout, 33 та стритбол, 32 та бадминтон спорт майдончалари ҳамда 60 та мини футбол ўйингоҳлари барпо этилади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.