СамДЧТИнинг чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи 95 нафар талабасига онлайн курслар электрон тарзда етказилади

Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2 сентябрдан янги ўқув йили бошланди.

Дарс машғулотлари тасдиқланган жадвал асосида 2, 3, 4-курс бакалавриат талабаларига кунига 6 соат ҳамда 2-курс магистрларга 4 соат олиб борилмоқда.

Янги ўқув йили сабоқлари аввалги ўқув йилларидан фарқли равишда масофавий шаклда ташкил этилмоқда. Бунинг учун институтнинг Moodle масофавий таълим платформаси (moodle.samdchti.uz) ўқув жараёнини ўқитишнинг масофавий шаклида ташкил этиш учун тайёр ҳолга келтирилди.

Платформада барча фанлардан “Намунавий онлайн курслар комплекслари” яратилиб, Moodle масофавий таълим платформасига мавзулар кетма-кетлигида жойлаштирилди.

Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, ҳар бир фан бўйича жойлаштирилган ўқув ресурсларини ўзлаштирмасдан ва берилган топшириқларни бажармасдан туриб, кейинги мавзуга ўтишнинг иложи бўлмайди. Бу талабанинг ўз устида кўпроқ изланишини талаб этади.

Шунингдек, фанларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, маъруза ва амалий машғулотлар Zoom дастури орқали жонли мулоқот тарзида олиб борилмоқда.

2020-2021 ўқув йилида масофавий таълимни тубдан такомиллаштириш бўйича институтда мавжуд ахборот-коммуникация тизимлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди. Яроқсиз деб топилган сервер станциялари, интернет алоқа тармоғи ва компьютерлар янгиларига алмаштирилди.

Бундан ташқари, фанларни масофадан ўқитиш учун видеоматериаллар, вебинарлар, тақдимотлардан кенг фойдаланилмоқда. Шу мақсадда масофадан ўқитиш учун 100 га яқин видеодарслар тайёрланиб, институт веб-сайтига жойлаштирилди. Бу анъана ўқув йили мобайнида давом эттирилади ва етакчи профессор-ўқитувчиларнинг видеодарслари институт веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларига жойлаштириб борилади.

Масофавий таълим билан қамраб олиш имконияти бўлмаган, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи 95 нафар талабанинг рўйхати факультетлар кесимида шакллантирилди. Уларнинг ҳар бирига барча фанлардан тайёрланган “Намунавий онлайн курслар комплекслари” электрон тарзда етказиб берилади. Унинг таркибида электрон форматда видеомаъруза, электрон қўлланма (дарслик), тақдимот материаллари, тест топшириқлари ва кейслар тўплами, назорат саволлари ва бошқа ўқув материаллари жой олади.

Шахсий смартфон ёки компьютерга эга бўлмаган талабаларга вақтинчалик фойдаланиб туришлари учун институт томонидан планшетлар олиб бериш режалаштирилган. Планшетларга “Намунавий онлайн курслар комплекслари” юклаб берилади.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ахборот хизмати.