СамДУ: Улуғ даргоҳда улуғлар изи бор
Самарқанд давлат университети нуфузини шу даргоҳда талабаларга сабоқ берган устозларнинг заҳматли меҳнати мисолида кўраман.
Кечагина талаба эдик, университетнинг ўзбек филологияси факультетида таълим олдик. Умр ўткинчи экан, кўплаб фидойи устозлар бу дунёни тарк этди, бироқ улар ўзларидан эзгу амаллар, яхши хотиралар қолдирди.
Ўтган асрнинг 80-йиллари ўзбек филологияси факультети ўқув хоналарида устозимиз профессор Ҳамдам Бердиёровнинг завқ билан дарс ўтаётгани кўз олдимга келади. Ўқув залида лаборант Фая опа берган бир пиёла чойни қўлида айлантириб, адабиёт назарияси фанидан машғулот ўтадиган доцент Ж.Ҳожиматовнинг қиёфасини кўргандай бўламан. Мақолаларида ҳар бир ижодкорни Саид Аҳмад таъбири билан айтганда, аяйдиган, меҳр билан суяйдиган, китоб ёзиш санъатини пухта эгаллаган профессор С.Мирзаевни эслайман. Устоз камгап, донишманд эди, иложи борича одамларга яхшилик қилиш, ёрдам беришга интиларди.
Ўзи бир олам, шеър ўқиши-ю таҳлили бир дунё устоз профессор Н.Шукуровга эътиқодимиз ўзгача эди. Унинг қанча шеърни ёддан билиши, таҳлилда ҳеч бир олимда учрамайдиган фикрлари, матннинг мағзигача ёнғоқни чаққандай талабаларга етказа олиш маҳорати бор эди.
Ҳар бир сўзни ўта мулоҳаза қилиб, дона-дона гапирадиган, асоссиз гапдан қочадиган, адабиёт тарихини чуқур биладиган доцент Қ.Тоҳировнинг бетакрор услуби талабаларни ўзига ром қиларди.
Камдан-кам талабалар бизга академик домла дарс берган деб мақтана олади. Биз ана шундай мақтана оладиган талабалар тоифасига кирамиз, чунки бизга академик В.Абдуллаев ва Б.Валихўжаевлар дарс берган. Академик В.Абдуллаевнинг ўзига хос кўтаринки руҳда шеър ўқиш услуби, ҳазил-мутойибани ўрнида ишлатиши, академик Б.Валихўжаевнинг маъруза ўқиш маҳорати бошқача эди. Валихўжаев домланинг уйига ҳам бир неча марта илмий-тадқиқот ишлари юзасидан борганимизда камтарона ҳаёт кечиришига гувоҳ бўлганмиз. Бундай турмуш тарзи биз, талабалар тасаввуридаги академик олим шоҳона яшайди, деган фикрни парчалаб ташлаган эди.
Профессорлар Р.Қўнғуров, Ш.Холматов, Н.Ражабов, И.Мирзаев, Р.Орзибеков, Б.Йўлдошев сингари устозларимиз ҳақида ҳам ширин хотираларимиз бор.
Фаолияти шонли ва шарафли воқеаларга бой олти юз йиллик тарихга эга қадрдон университетимизнинг бундан кейинги фаолиятида ҳам ютуқлари кўп бўлади. Зеро, улуғ даргоҳда улуғлар изи бор.
Абдумурод Номозов,
филология фанлари номзоди.