Самимий қалб эгаси эди

Ойсулув Нафасовани бугун ёши улуғларнинг жуда кўпчилиги яхши билади. Чунки у жамиятда Самарқанд аёлларининг фидойи, ишчан, ташкилотчи вакили сифатида танилиб улгурди.

Пайариқнинг олис Жувозхона қишлоғида вояга етган бу аёлнинг аввалига туманда, кейинчалик вилоят миқёсида жамоатчи сифатида шаклланиши ҳамкасблари, сафдошлари томонидан доимо эътироф этилган.

Эски тизимда туман партия қўмитасининг котиби, туман ижроқўмининг раиси, янги тизимда эса касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси сифатида замонага муносиб кадр эканлигини амалда исботлай олди. Муҳими, вилоят ҳудудидаги ташаббуслари, тажрибалари билан мамлакатдаги барча ҳамкасбларига ибрат кўрсатди.

Шу туфайли бугунги кунда ҳам нафақат Пайариқда, касаба уюшмалари тизимида, балки вилоятдаги барчса давраларда Ойсулув опанинг мардлиги, бирсўзлиги, энг муҳими, самимияти ҳақида ҳурмат билан гапиришади. Бинобарин, бундай аёлларнинг ҳаёти ҳамиша ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб қолаверади.

Бугунги йўқловимизнинг боиси шундаки, опанинг 70 йиллигида эсламаганимиз туфайли йўл қўйган хатоимизни тузатишга жазм этдик. Агар ҳаёт бўлганида О.Нафасова бугун 71 ёшини қаршилаган, сиз-у биз билан бугунги фараҳли кунларда даврадош бўлиб турган бўларди.