«Миллий тикланиш» партияси вилоят кенгаши сиёсий имтиҳонларга қандай тайёргарлик кўряпти?
Жорий йил халқ ноиблари сайланиши кутиляпти. Бу жараёнда номзодлар фақат сиёсий партиялардан кўрсатилишини ҳисобга олиб, бу тузилмаларнинг вилоят кенгаши раисларига бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
Суҳбатдошимиз «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши раиси Акбар Ахтамов.
- Вилоятимизда 500 нафарга яқин депутат фаолият олиб боради. Лекин аҳолининг аксарияти депутатларини танимайди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
- Бугун сиёсий партиялар ва уларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида фаолият олиб бораётган депутатлари ҳам Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил асосида кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Жумладан, бизнинг партиямиз ва депутатларимиз ҳам халққа янада яқин бўлиш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш, муаммоларга ечим топиш борасида бир қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келяпти.
Булар "Депутат билан юзма-юз”, «Уйма-уй», «Хизмат-беминнат» лойиҳалари бўлиб, улар орқали партиямиз депутатлари, фаоллари ўз сайловчилари, фуқаролар билан учрашиб, яқиндан мулоқотга киришяпти, муаммоларини ўрганмоқда. Ўрганилган масалалар ечими бўйича маҳаллий ҳокимликка, тегишлилиги бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларга депутатлик сўровлари юборилиб, муаммолар ижобий ҳал қилиниб, камчиликлар бартараф этиляпти.
Умуман олганда, аҳолининг аксарияти депутатларни танимайди, деган фикрга қўшилмайман. Тўғри, депутатни ҳамма ҳам танимаслиги мумкин.
Чунки халқ ноибига фақат муаммоси бор, бирор бир масала қийнаб келаётган маҳалла фаоллари ёки фуқаролар мурожаат қилишади. Депутатларимиз ҳам, партиямиз фаоллари ҳам фуқаролар мурожаатларини ҳеч қачон эътиборсиз қолдирган эмас. Доимо уларнинг ечими юзасидан иш олиб бориб, зиммаларидаги вазифаларни сидқидилдан адо этишга ҳаракат қилиб келишяпти.
Масалан, биргина 2023 йил натижаларига қисқача тўхталадиган бўлсак, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги 88 нафар депутатимиз томонидан сайловчиларни қийнаб келаётган масалалар юзасидан 274 та депутатлик сўрови юборилган. Шундан 270 таси ижобий ҳал этилган, 4 та масалани ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан ўтган йил доимий комиссияларга 62 та таклифлар киритилган, сессияларда 41 та масала кўриб чиқилган.
Қонун ва ҳукумат қарорлари ижроси бўйича 62 та депутатлик назорати олиб борилган, 117 та мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланган.
- Вакиллик органига унинг номзодини қайсидир партия кўрсатган бўлишига қарамай, айрим депутатлар ҳатто ўша сиёсий тузилма билан ҳам яқин ҳамкорлик қилмайди. Шундай бўлишига қарамасдан, бугунги кунгача бирор депутат чақириб олинган эмас.
Нима деб ўйлайсиз, вакиллик органларига мустақиллик берилаётган бир пайтда бу институтни ишлатиш айни муддао бўлмайдими?
- Бундай ҳолат олдинги йилларда бизнинг партиямиздан сайланган депутатлар билан кузатилганди. Айрим депутатлар сайлов ўтгандан сўнг партия билан алоқани мутлақо узиб қўйганди.
Кузатилган бундай ҳолатларни депутатнинг масъулиятсизлиги билан изоҳлаш мумкин. Чунки ҳар бир депутат ўзи сайланган партия олдида ҳисобдор эканлигини унутмаслиги керак. Эртага депутатнинг ишига қараб, нафақат унга, балки унинг номзодини илгари сурган партияга ҳам баҳо берилади.
2014 йил бўлиб ўтган сайловда бизнинг партиямиздан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатлар сони 103 нафар эди. Лекин 2019 йилга келиб уларнинг сони 93 тага тушиб қолди. Шу вақт оралиғида 8 нафар депутатимиз партия билан яқин алоқада бўлмагани, масъулиятсизликка йўл қўйгани ва сайловчилари ишончини оқлай олмагани боис қонунчилигимизга мувофиқ муддатидан олдин тегишли тартибда депутатликдан чақириб олинганди.
Кейинги даврда партиямиз томонидан бирорта ҳам депутатни муддатидан олдин чақириб олиш амалиёти қўлланилмади. Чунки уларнинг барчаси партия билан яқин ҳамкорликда, ўзлари сайланган ҳудудларда имконияти даражасида иш олиб боряпти.
Энди депутатнинг партия билан мустаҳкам алоқа ўрнатмаётганига келсак, эҳтимол бизнинг қонунчилигимиздаги айрим бўшлиқлар бунга сабаб бўлаётгандир. Масалан, қонунчилигимизда партияга аъзо бўлмаган фуқарони ҳам сиёсий партиялар депутатликка номзод қилиб кўрсатиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Ахир партия билан яқин алоқада бўлмаган, унинг мақсад ва вазифаларини яхши билмаган, сайловолди платформасидан бехабар одам қандай қилиб сайловдан сўнг партия билан бирдан яқин бўлиши, ҳамкорликда иш олиб бориши мумкин? Эҳтимол, шу нарса алоқанинг узилишига олиб келаётгандир. Бу албатта, шахсий фикрим. Билмадим, бошқалар бу ҳолатни қандай, нима билан изоҳлайди?
- Умуман, жорий йилги сайловлар ўтган сафаргилардан тубдан фарқ қилиши табиий. Можаритар сайлов, ҳокимлар энди маҳаллий Кенгашларга раис бўлмаслиги каби кўплаб омиллар бунга сабаб бўлиши шубҳасиз. Бундай шароитда партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши сиёсий имтиҳонларга қай даражада тайёргарлик кўрмоқда?
- Дарҳақиқат, қонунчилигимизга мувофиқ, жорий йилда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловини янгича тартибда, яъни Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришга кўра аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш назарда тутилмоқда.
Айни пайтда жойларда партия фаоллари ва депутатларимиз томонидан янги тизим тартиб-тамойиллари ҳақида аҳолига тушунча берилмоқда.
Сайловчилар юртимиздаги 5 та сиёсий партиянинг сайловолди дастури билан яқиндан танишиб чиққач, ўзларига манзур бўлган сиёсий кучнинг номзодлари учун овоз бериб, уларни қўллаб-қувватлайди. Ўйлайманки, партия вилоят кенгашининг бу борадаги натижалари ёмон бўлмайди, биз олдинги сафлардан жой олишимиз учун бор имкониятимизни сафарбар этамиз.
Зотан, сайловчилар номзодларимиз ва партиямизга овоз бериб, мамлакатни тараққий эттиришнинг энг ҳаётий йўлини танлашига ишонаман.
Мамлакат тақдири учун жон куйдирган ҳар қандай инсон агар дастурларимиз билан яқиндан танишса, «Ахир бу менинг ғояларимку, менинг партиям шу экан», дейишига шубҳа йўқ.
- Сайлов ҳақида гап кетаркан, табиийки, жараёнлар олдидан партиялар беихтиёр фаоллашади. Айтингчи, ана шу жўшқинликни сақлаб қолиш мумкинми?
- Нима учундир юртдошларимизнинг аксарияти шу фикрни билдиришади. Лекин мен бундай деб ўйламайман. Чунки сиёсий партиялар сайловда ҳам, сайловдан кейин ҳам бир маромда иш олиб боришади. Партиялар сайлов пайти фаоллашади, ундан кейин уларнинг ҳаракати сусайиб қолади, деган қараш мутлақо нотўғри.
Бундай қарашнинг шаклланишига фуқаролардаги ёндашув сабаб, деб ўйлайман. Негаки, сайлов жараёнлари бошлангач фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ошиб, партияларни кузата бошлайди. Сайловдан кейин эса улардаги ана шу фаоллик сусайиб, партиялар фаолиятини кузатмай қўяди. Оқибатда юқоридагидек фикр пайдо бўлади.
Умуман, ҳар бир сиёсий партиянинг жамиятдаги мавқеи, нуфузини сайлов жараёни белгилаб беради. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳам жорий йилнинг октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда ғалаба қозониш учун астойдил интилмоқда.
Партиямиз ўтган 5 йил мобайнида халқимизга янада яқин бўлишга, депутатларимиз сайловчилар ишончини қозонишга ҳаракат қилди. Бунинг учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари аҳоли билан кўпроқ сайёр қабуллар ўтказиб, уларнинг дардини тинглади, имкон қадар муаммоларини ечишга ҳаракат қилди. Бу эса аҳолининг партияга, депутатларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади, деб ўйлайман.
- Яқинда ўтказилган тадбирда партия етакчиларидан бири “Биз сайлов вақти рақобатлашганимиз билан мақсадимиз бир, яъни ҳаммамиз вилоятни ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровон бўлишини истаймиз”, деди. Бу партия етакчилари ҳам ўзаро рақобатга тайёр эмаслигини кўрсатмайдими?
- Тўғри, партиялар ўртасидаги рақобат нафақат бизда, балки бутун дунё тажрибасидан ҳам келиб чиқиб айтиш мумкинки, кўпроқ сайловларда кузатилади. Бошқа пайтлари деярли кўзга ташланмайди. Чунки айнан шу жараёнда партиялар ҳокимият учун кураш олиб боришади. Бошқа пайтлари эса ўз дастурий мақсад ва вазифалари ижросини таъминлаш, электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизда кечаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга кўмаклашади.
- Партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши, унинг депутатлари фаолиятини 10 баллик тизимда нечага баҳолайсиз?
- Инсон ҳеч қачон ўзининг ишига ўзи баҳо бермайди. Унинг фаолиятига атрофдагилар, халқ баҳо беради. Партиямиз ва депутатларимизнинг қандай иш олиб бораётгани, сайловчиларнинг ишончини нечоғли қозона олгани шу йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда яққол кўринади. Сиёсий жараённинг якуний натижаларига қараб ўз фаолиятимизга, ишимизга баҳо берсак, менимча тўғри бўлади.
- Жамият ҳаётида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун партия вилоят кенгашининг режалари қандай?
- Кези келганда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишим керак, давлатимиз раҳбари 2021 йилнинг 2 февраль куни сиёсий партиялар билан ўтказган учрашувда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партияларнинг ўрни катта эканлигига урғу бериб, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган кенг қамровли дастурлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан фидойилик ҳамда масъулият талаб қилишини билдирганди.
Шунингдек, сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши муҳимлигини қайд этганди.
Шундан келиб чиқиб, партиямиз фаоллари, депутатлари кўпроқ халқнинг орасида бўлишга, уларнинг дардини тинглашга, мавжуд масалаларга ечим топишга, шу йўл орқали одамларни рози қилишга астойдил ҳаракат қиляпти.
Ўз фаолиятини янгича асосда ташкил этаётган партиямиз фаоллари, депутатлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари Президентимиз олдимизга қўйган талаблар, партиянинг дастурий мақсад-вазифалари ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратяпти.
Бугун юртимизда бир нечта сиёсий кучларнинг фаолият кўрсатаётгани жамиятимизда соғлом рақобатни вужудга келтириб, уларни сайловларда чинакам курашга чорлаши шубҳасиз. «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб, эл назарида бўлишга, чин маънода халқ партиясига айланишга астойдил ҳаракат қилмоқда.
Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.