Сайёр қабулдан сўнг

Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг Пайариқ туманида ўтказган сайёр қабулида Челак шаҳарчасидаги Бунёдкор маҳалласида яшовчи Э.Эсиргапов ёғингарчилик туфайли Челактепа кўчаси артофидаги ариқларнинг бекилиб қолишидан йўлга сув тўпланаётгани, бу эса мактаб болалари ва аҳолининг кўчадан ўтишига ҳалақит бераётгани хусусида мурожаат қилганди.

Мазкур масала O’zLiDeP вилоят кенгашининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда кўчанинг аксарият қисмида оқова сувлар чиқиб кетиши учун ариқларнинг йўқлиги, борлари чиқиндилардан тозаланмагани, йўл кесишмаларидаги қувурлар лой ва чиқиндилар билан тўлгани аниқланди.

Муаммонинг келиб чиқишига маҳаллада истиқомат қилувчи 2,5 минг аҳолининг ўз уйи атрофидаги ариқларни тозалаб қўйишга хафсала қилмагани, янги курилган хонадонлар соҳибларининг ариқларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани ҳам сабаб бўлган.

Масалани ҳал этиш учун худдудга жавобгар сектор раҳбари кўмагида техникалар жалб қилинди. Йўл атрофига ариқлар қазилди, қувурлар тозаланди. Ҳудуддаги чиқиндилар “Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси туман филиали техникалари ёрдамида олиб чиқилди. Аҳоли томонидан ҳашар уюштирилиб йўллардаги чуқурчаларга тош ётқизилди.

- Мурожаатга вилоят хокими ва O’zLiDeP ходимларидан амалий ёрдам берилгани маҳалламиз аҳолисининг ободчиликка бўлган муносабатини ўзгартирди, - дейди Бунёдкор маҳалласи раиси О.Давронов. – Одамлар ҳашарга чиқиб, ўз уйи, қолаверса, кўчаларини тозалашга киришди.

Б.ҚАРШИЕВА.