Адиз Бобоев тадбиркорларнинг муаммоси ва таклифларини тинглади

Самарқанд шаҳридаги Ширин массивида вилоятдаги тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида учраётган қийинчиликлар, ишлаб чиқаришни кенгайтиришдаги тўсиқлар ва муаммоларни ўрганиш мақсадида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоэв иштирок этди.
Учрашувда вилоятдаги 60 га яқин йирик инвестор, экспортёр ва кластер корхоналари вакиллари иштирок этиб, банк кредитлари ва субсидиялар ажратилиши, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, стартап ғояларни жорий қилиш, меҳмонхона биноси учун рухсатнома олиш, табиий газ тармоғига уланиш, маҳсулот экспортини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. 15 га яқин таклифлар билдирди.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “MAROQAND REST AREA” МЧЖ раҳбари Зафар Тўраев Самарқанд шаҳрида жойлашган 7 гектар ер майдонида қиймати 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги логистика марказини ташкил қилиш учун қурилиш ишларини бошлашга рухсат берилишида амалий ёрдам сўради.
Нарпай туманидаги “ОҚТОШ ДОН” акциядорлик жамияти масъули Фазлиддин Зиёдуллаев Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ҳамда Қўшработ тумани бўлими суд ижро варақаларини МИБ портал дастурига киритмаганлиги, қарорларни юбормаганлиги, ижро иши юритишни тамомламасдан, икки ой олдин тақиқ ва ҳисобрақамга қўйилган бандни ечганлиги ва бошқа хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишида ёрдам кераклигини айтди.
Шунингдек, мулоқотда ишлаб чиқариш, туризм, қишлоқ хўжалиги, хусусий тиббиёт ва бошқа соҳалардаги тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммо ҳамда таклифлар тингланиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Шу билан бирга, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган айрим масалаларнинг ечими учун муддатлар белгиланди.