Сенатнинг еттинчи ялпи мажлиси 11 сентябрь куни чақирилади
Бугун, 4 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, мажлисда Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисини 2020 йил 11 сентябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги, “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан.
Шу билан бирга, молия вазирининг давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати ҳақида ҳамда Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.