Сенаторлар самарқандликларнинг муаммоларини ўрганмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари айни пайтда Самарқанд вилоятида бўлиб, жойларда коммунал соҳадаги муаммолар, бозорлардаги нарх-наво барқарорлиги, тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги масалалар ҳамда аҳолининг мурожаатларини ўрганмоқда.
Пайт Дарғом тумани Боғишамол маҳалласида яшовчи фуқаролар Сенатга маҳалладаги суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ масала юзасидан мурожаат қилган эди.
Парламент юқори палатаси қўмита раиси Б.Сайфуллаев ва сенатор Ф.Боқиев ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида Боғишамолга борди.
– Маҳалламизга табиий газ берилмайди. Шу боис суюлтирилган газдан фойдаланамиз, - дейди Зоир Раҳматов. – Белгиланган режага мувофиқ, 45-50 кунда “Гўзалкентгаз” филиали томонидан газ баллонлар тўлдирилиши керак. Афсуски, 110 кундан бери газ баллонлар алмаштирилмади. Шу масала юзасидан Сенатга мурожаат қилгандик. Бугун сенаторлар, вилоят ва туман мутасаддилари муаммони жойида ҳал этишди.
Туманнинг Қўшқудуқ маҳалласи фуқаролари билан ҳам суҳбат ўтказилди. Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, жорий йилда маҳаллада артезиан қудуғи ташкил қилиниб, ичимлик суви чиқарилган. Аммо бу сув истеъмолга яроқсиз. Маҳалла аҳолиси ушбу масалада, шунингдек, ҳудуддаги эски симёғочларни бетон устунларга алмаштириш бўйича Сенатга мурожаат қилган. Сенаторлар мазкур масалани ҳам мутасаддилар иштирокида жойида муҳокама қилди ва муаммони бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди.
Сенаторлар Каттақўрғон туманида яқинда иш бошлаши кутилаётган шифер заводи ташаббускорлари билан суҳбатлашди. Йилиги 1 миллион 200 минг дона шифер ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 60 та янги иш ўрни яратилади. Сенаторлар мазкур корхонани ишга тушириш борасидаги муаммоларни ҳам ўрганди.
Парламент аъзолари тумандаги “Пайшанба деҳқон бозори”да бўлиб, маҳсулотлар сифати, нарх-наво билан қизиқди. Бозордаги картошканинг сифатсиз эканлиги сенаторлар эътиборини тортди ва масъулларга бу ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди. Гўшт нархига алоҳида эътибор қаратилди.
Туман аҳолиси сенаторларга йўл қурилиши, электр энергияси ва табиий газ босимининг пастлиги юзасидан мурожаат қилди. Сенаторлар шу жойнинг ўзида туман ҳокимлиги, коммунал соҳа мутасаддиларига мавжуд муммоларни ўрганиш, камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма бериб, ҳолатни назоратга олишди.
Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган ўрганишлар давомида шаҳардаги баъзи ташландиқ ҳолатга келиб қолган бинолар сенаторлар эътиборини тортди. Шаҳар марказидаги умумий майдони 2,5 гектарга яқин бўлган собиқ ҳарбийлар маданият уйи ўрнида шаҳар ҳокимлиги томонидан маданият саройи ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Ташландиқ ҳолатдаги майдонда баъзи сабабларга кўра, лойиҳани амалга ошириш кечикаётганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, шаҳардаги 23 та маданий мерос объектининг иккитаси яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги масъуллар томонидан таъкидланди. Сенаторлар мазкур биноларнинг ҳолатини кўздан кечиришди.
Сенаторларнинг Самарқанддаги ўрганишлари давом этмоқда.