“Шаби Арус, Шаби Арус”
Бугун сизларга Туркияга сафаримизнинг асосий сабаби бўлган “Шаби Арус” фестивали ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.
Учмоққа қанот йўқ, вале учгаймен!
Аввало, айтиб қўяй, “Шаби Арус” фестивали ёки мавлавий дарвешларнинг чирпиракдек айланиб, само рақсини ижро этишлари сайёҳларни жалб этиш учун ташкил қилинадиган шоу, кўнгилочар томоша ёки бир рақс кечаси эмас. “Шаби Арус”, аввало, диний маросим. Само рақси Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг Мавлавия тариқатларининг ажралмас қисми бўлиб, жуда кўп синовлардан ўтиб, дарвеш мақомини олган муридлар – дарвешларнинг илоҳий оҳанглар, муножот ва саловат қўшиқлари жўрлигида ўз қалбларини Аллоҳ билан боғлаш, дарвешлар тили билан айтсак, “Ерни қўйиб, осмон тоқига парвоз қилиш”, бугунги ёшлар тили билан айтсак, “Транс ҳолатига ўтиш”, дунёвий ташвишлардан покланган қалбни Аллоҳ билан боғлашдир.
Мавлоно ҳақида ўқигансиз, ҳали Хоразмшоҳ мулкида, уйлари бир-бирига уланиб кетган сераҳоли Балх шаҳрида яшаган гўдак кезлари тенгдошлари уни ўз ўйинларига чақиришади:
– Келинг, Жалолиддин, томдан томга сакраймиз!
Ўшанда Жалолиддин уларга бўлажак пир, авлиё мақомида жавоб берган:
– Томдан томга сакраш мушукларнинг иши, келинглар, осмон тоқига сакраймиз!
Ана шу сўзларидан кейин қўлларини кўтарган Жалолиддин кўкка кўтарилади. Бошқа болалар қўрққанларидан бақира бошлайдилар:
– Жалолиддин учиб кетди! Жалолиддин учиб кетди!
Жалолиддиннинг қўлтиғидан тутган икки фаришта болалар қўрқмасин деб, Жалолиддинни секингина ерга тушириб қўяди.
Кейинчалик, ўз ғазалларида ҳам Мавлоно шундай байт ёзганлар:
– Учмоққа қанот йўқ, вале учгаймен!
Мавлононинг сўнгги васияти
Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари ўлимни ҳаётнинг тугаши, катта бир мусибат, жудолик деб билмаганлар. Ўлимни жаннатга ўтадиган бир кўприк деб билганлар. Ўлимни Аллоҳнинг дийдорига етишдан бандани тўсиб турган бир парданинг кўтарилиши ва Ёр висолиги етиш, деб билганлар ва муридларига ҳам шундай тарбия берганлар.
Яна бир нарсани айтишим лозимки, Жалолиддин ҳазратлари то Шамсиддин Табризий билан учршмаганларича тариқатларида ҳам, кундалик ҳаётларида ҳам мусиқа, оҳанг, қўшиқ бўлмаган, шеър ҳам ёзмаганлар. У зот оталари, буюк уламо, “Уламолар Султони” унвони соҳиби Баҳоуддин Валад бошлаган маърифатнинг давомчиси сифатида муридларига дарс ўтиб юрганлар. Аммо Шамсиддин Табризий билан танишгач, у киши билан узлуксиз давом этган уч ойлик суҳбатдан, аниқроғи, Шамсиддин Табризий ўз қалбидаги маърифат қуёшини Жалолиддин ҳазратларининг қалбига “кўчириб ўтказганлари”дан кейин Жалолиддин Румий бир дақиқа ҳам мусиқадан, илоҳий оҳанглардан ажралмаганлар, ғазаллар ёзганлар.
Салоҳиддин исмли севимли бир шогирдлари дунёдан ўтганида тобут олдига тушиб, мусиқа садолари остида рақси самони ижро қилиб борган Мавлоно дунёдан ўтаётганларида фарзандлари ва шогирдларига шундай васият қилганлар:
– Бугун мен Ёр висолига етаман! Ахир бу бир умр орзу қилган куним! Бугун тўй оқшоми – “Шаби Арус”. Шунинг учун йиғлаб, оҳ-у фарёд урманг! Аза очманг, мотам тутманг! Менинг Ёр ҳузурига боришимни байрам қилинг, тўй қилинг! Менинг Унга бағишлаб ёзган ғазалларимни ўқиб, мен севган қўшиқларни айтиб, доираларни чалиб, мен севган найларни чалиб, мени Ёр қошига байрамона олиб боринг!
Албатта, шогирдлар Маволононинг васиятини адо қиладилар. Тобут олдига тушиб, ғазал ўқиб, қўшиқ айтиб, само рақсини ижро қилиб борадилар. Энг қизиғи, Мавлонони сўнгги йўлга кузатиш учун мусулмон бўлмаганлар ҳам, бошқа дин вакиллари ҳам келишади. Улар қўлларида тутган “Инжил” ва “Таврот” китобларини ўқиб боришади. Тарих китобларида ёзилишича, ўша куни аср намози масжидда ўқилмай қолган, намоз ўқийдиган одам қолмаган, ҳамма Мавлонони кузатишга кетган экан. Ҳамма Мавлононинг тобутини бир ушлаб қолишга интилганидан тобутсозлар синган тобутни тўрт марта тузатган эканлар. Охири султон навкарлари қилич сермаб, тобутга йўл очган ва дафн маросими ниҳоясига етган экан.
Дилбар бир учрашув
Кўниянинг Novotel Konya меҳмонхонаси анжуманлар саройида биз, 40 мамлакатдан таклиф этилган журналистлар учун ажойиб бир учрашув ташкил қилинди. Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг йигирма биринчи авлод эвараси Эсенханим Чалабий билан учрашдик.
Эсенхоним Мавлоно Жалолиддин Румий, у зотнинг тариқатлари ва қарашлари ҳақида, шунингдек, ота-боболарининг Туркия заминидан чиқариб юборилгани ва ҳижратда ўткан йиллар тўғрисида ҳикоя қилиб бердилар:
– Мавлононинг ҳоки қўним топган табаррук Коня заминига хуш келибсизлар! Румий ҳазратлари ўз умрлари давомида фақат эзгуликка, ҳамжиҳатликка даъват этдилар. “Инсонларнинг кўзлари ранги ҳар хил бўлиши мумкин, аммо кўз ёшлар ранги бир хилдир”, деган эдилар ҳазрати Мавлоно. Яъни инсонлар қайси миллатга, қайси динга ёки ирққа мансуб бўлишидан қатъи назар унинг қалби, дард-аламлари, қувонч ва ташвишлари бир хилдир. Афсуски, бу ҳақиқатни илм-фан тараққий этган бугунги кунимизда ҳам инсоният англаб етганича йўқ. Заминнинг турли ҳудудларида турли низолар давом этмоқда. Ҳолбуки, инсонлар баъзан бир нарсани исташади, аммо бир-бирларини тушунишмайди.
Албатта, Мавлононинг авлоди эканим мен учун юксак шараф. Шу боис, буюк бобомиз меросини чуқур ўрганиш учун Истамбул университетининг адабиёт факультети араб-форс филологияси бўлимида таҳсил олдим. Имкон қадар Мавлононинг ижодини тарғиб қилишга ҳаракат қилдим. Дунёнинг ўнлаб мамлакатларида турли учрашувларда, илмий анжуманларда қатнашдим. Қаерга борсам, иззат-икром билан қаршиландим. Бундан ортиқ нима керак? Мен ҳамиша Яратганга дуо қилиб, “Ё, Роббим, менга берилган умрнинг сўнггига қадар Мавлононинг муборак йўлида хизмат қилишим учун имкон бер!” деб илтижо қиламан. Бизга Мавлонодан моддий мерос қолгани йўқ. Мавлононинг бош мавлавийхонасида асрлар бўйи сақланиб келган, ҳазратга тегишли бўлган барча ашёлар бугун шу ерда, Мавлоно музейида сақланмоқда. Ул зотдан қолган маънавий меросга эса, нафақат мен, балки барча инсонлар ворисдирлар.
Мавлононинг ижоди назарий жиҳатдан Шарқ ва Ғарбда етарлича ўрганилмоқда. Бир пайтлар дунёнинг турли ҳудудларида юзлаб мавлавийхоналар, мавлавия мактаблари фаолият кўрсатган. Аммо, мавлавийлик ўчоғи бўлган бу хонақоҳлар бугун барча ҳудудларда ўз фаолиятини тўхтатган.
Мавлоно “Мен Қуръони Каримнинг қулиман, ҳазрати Муҳаммад (с.а.в) юрган йўлнинг чангиман, агар сен шу сўзларимга рози бўлсанг, мен сен биланман, акс ҳолда, сендан йироқдаман”, деган ҳикматлари Мавлоно таълимотининг бутун моҳиятини ифодалайди, назаримда.
Ўзбекистон жуда гўзал ва қадимий диёр. Бу юртда ҳазрати Мавлонони қанчалик севишларидан, бу улуғ зотнинг меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлардан хабарим бор. Афсуски, Ўзбекистонга ҳозирга қадар бориш насиб этмади. Аммо тез орада бу орзуимни амалга ошириш истагидаман.
Мавлонони хотирлаб...
Мавлоно дунёдан ўтгач, у зотнинг муридлари, шогирдлари, бутун дунёдан йиғиладиган дарвешлар устозлари хотирасига само рақсини ижро қиладиган бўлганлар ва бу маросимлар 17 кун давом этган.
1924 йилда коммунист Мустафо Камолбей Туркияни Республика деб эълон қилгач, сўнгги халифани ҳам мамлакатдан қувиб юборди, Мавлавия тариқатини ҳам, дарвешларнинг мавлавияхоналарини ҳам ёпиб ташлади. Мавлавийлар, дарвешларнинг само рақслари таъқиб қилинди. Мавлононинг мақбараси музейга айлантирилди.
Аммо 1957 йилга келиб, Туркия ҳукумати Мавлавия тариқати буюк тарбия воситаси, инсонларни покликка, Ҳаққа етакловчи тариқат эканини англади ва яна мавлавийликка кенг йўл очди. Яна дарвешларнинг авлодлари пинҳона бажариб келган маросимларини очиқ бажара бошладилар, яна само рақслари ижро қилина бошлади.
Албатта, сайёҳларни жалб қилиш мақсадида шоу тарзида ташкил қилинадиган само рақслари, томошалари ҳам бор. Айрим катта ресторанларда дам олиш кунлари само рақсларини ҳақ олиш эвазига ижро этадиган “Дарвешлар гуруҳлари” мавжуд. Бундан ташқари Рамазон ойида Туркиянинг деярли барча шаҳарлари, хусусан, Истамбул шаҳрининг катта майдонларида Само рақслари ижро қилинадиган бепул томошалар намойиш қилинади.
Аммо Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари хотирасига ўтказиладиган “Шаби Арус” фестивали алоҳида тайёргарлик билан, дунёнинг турли чеккаларидан меҳмонлар таклиф қилиниб, алоҳида дастур сифатида ўтади. Ҳозир ҳам бу маросимлар 17 кун давом этади ва асосий маросимлар 17 декабрь куни поёнига етади.
Бу йил Мавлоно Ҳаққа етганига 747 йил тўлди ва пандемия туфайли кўпминг кишилик тадбирлар ўтказилмади. Аммо фестиваль барибир ўтказилди. 40 дан ортиқ мамлакатдан таклиф этилган оммавий ахборот воситаларининг журналистлари учун намойиш этилган рақси самони томоша қилиш биз, ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистларга ҳам насиб қилди.
Фестивалда Туркия маданият ва туризм вазири ва ўринбосарлари, Кўния шаҳри раҳбарлари, Мавлоно Румий ҳазратларининг авлодлари иштирок этди. Раҳбарлар келган меҳмонларни олқишлаб, нутқлар сўзлашди.
Ана шундан кейин хотирлаш маросими ва Мавлоно шарафига рақси само ижро қилинди. Маросим Қуръон тиловати ва Мавлононинг руҳи покларига дуолар билан бошланди. Дарвешларнинг устозлари саҳнага чиқиб, худди Мавлоно сингари таъзим қилиб, ўз ўринларини эгалладилар. Кейин дарвешлар кириб келишди. Ҳар бири томошабинларга ва устозларига таъзим қилиб, ўз ўринларини эгаллашди. Илоҳий қўшиқлар остида қора хирқаларини ечган дарвешлар иккала қўли кўксиларида бўлган ҳолатда устозлари қошида таъзим қилиб, айланишни бошладилар.
Оппоқ кийимда фариштадек айланиб, само рақсини ижро қилаётган дарвешларнинг одоби, икроми кишини мафтун қилса, уларнинг узоқ вақт мусиқа оҳангига мос тарзда чирпирак бўлиб айланишар экан, ҳеч йиқилиб тушмасликлари, ақалли бир-бирларига тегиб кетмасликлар кишини ҳайратга солади.
Биз само рақсидан бир олам таассуротлар олиб чиқдик. Аммо муҳими бошқа нарса. Само рақсини ижро қилган дарвешлар шу рақсни ижро қила-қила руҳлари осмонга кўтарилар экан, ўша куни дарвешларнинг само рақсини томоша қилиб, бизнинг ҳам руҳимиз енгил бўлди, бизнинг ҳам қалбимизга Мавлоно Румий ўгитлари, насиҳатлари сингиб кетгандек бўлди. Қалбимизда Мавлоно бизга васият қилганидек яхшилик, сахийлик, синиқлик, шокирлик, зокирлик ҳислари жўш урди.
Дарвешларга қўшилиб, бизнинг ҳам руҳларимиз самоларга кўтарилган бўлса, не ажаб?!
Сўнгсўз ўрнида
Азизлар, бир марта бўлса ҳам Кўнияга келинг! Бир марта бўлса ҳам Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларини зиёрат қилинг! Бир марта бўлса ҳам дарвешларнинг само рақсини томоша қилинг! Бир марта бўлса ҳам қалбингиз дунё ташвишларидан холи бўлиб, руҳингиз самоларга парвоз қилсин!
Каримберди Тўрамурод,
Кўния шаҳридан zarnews.uz сайти учун махсус.