"Шамол йўли"ни "Тараннум" этиб

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Жумагул Сувоновага!
"Тараннум" ва "Шамол йўли" китобларингиз тақдимотида иштирок этдим. Самарқанд давлат университетининг кутубхонаси ижодкорлар, олимлар, шеърият, адабиёт ихлосмандлари билан тўлди. Бу адабиёт байрами, шеърият, дийдор байрами.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фармон Тошев, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, профессорлар Суюн Каримов, Азамат Пардаев, филология фанлари доктори Азмиддин Носиров шеъриятингиздаги оҳангдорлик, фалсафий қарашларни тасаввуфона акс эттирилиши, сатрма-сатр сайқалланиб, тобора киши қалбига сингиб боришини алоҳида таъкидлади. Янги нашрдан чиққан китобларингизда бу каби ўзига хослик рўй-рост бўй кўрсатган. Хусусан:

Кеча ожиз эдим,
Кеча ғўр эдим,
Бугун ғурурига асир тўраман.
Киссалари бўм-бўш, қўллари бўм-бўш,
Лекин юракларга борар йўлдаман.
“Тараннум”дан ўрин олган бу мисралар сизни ҳам инсон, ҳам шоир сифатида камол топаётганингиздан дарак беради.
“Бинафша”, “Тиллақош”, “Йиғлаётган оҳу”, “Оловли фасл”, “Одамқуш қўшиғи”, “Тупроқ иси”, ”Музаффар ёғдулар” номли шеърий ҳамда “Умр карвони”, “Қирмиз қизнинг қиссаси”, ”Дарбадар” номли насрдаги ижод намуналарингиз сермаҳсул ижодингиздан дарак бериб турибди. "Усмон Азим шеъриятида бадиий тафаккур”, "Ҳозирги адабий жараён ва поэтик услуб муаммоси", "Кечинмалар поэтикаси ва услубий маҳорат қирралари" номли монографиялар адабиётшуносликда ҳам ўз сўзингиз, ўз йўлингиз борлигини намоён этади.

Сизнинг ижодингизни кузатаётган бир мухлис сифатида мени хурсанд қилаётгани тўрт-беш йил вақт оралиғида ижод намуналарингиз бир нечта тилларда Ҳиндистон, АҚШ ва Испания каби мамлакатларда чоп этилди. “Оромсиз оқшомлар” китобингиз АҚШда инглиз тилида чоп этилиб, китобхонлар қўлига етиб борди. Ҳиндистонда “Янги аср шеърияти” анталогияси ҳамда АҚШда шоирлар ва ёзувчилар сайёраси анталогиясидан ўрин олганингиздан жуда фахрландим.
Бир мухлис сифатида ижодингизни жуда қадрлайман. Шеърларингизни ўқиган киши борки, шоира "менинг дардимни ёзибди", дейиши тайин.

Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг,
Шайтон товоғига қўлин солади.
Дастурхон бошида дадасин излаб,
Ё ўғли, ё қизи йиғлаб қолади...

Эсимда, шундай мисралар билан бошланувчи ашула янгради дегунча юзларимиз марварид томчиларда ювиларди. Худди бизни отасиз ҳаётимизни кўриб тургандай, тасалли бериш учун онамга, бизга атаб ёзгандайсиз. Дастурхон атрофида йиғлаб турганларимиз, ҳар тонг суратига салом беришлар тонгдаги дуолар билан ўрин алмашди. Лекин ҳар сафар "Еганин ош деманг"ни эсласам, ўтмишимиз кўз олдимда гавдаланаверади.

"Ёлғиз аёл" шеърини ёзгунча бағри дилингиз ёнгани, қоврилган қалбингизга таскин топа олмай минг бир азоблар исканжасида тилкаланганингиз, ўша ҳолатда ҳам матонат билан жасорат топганингизга тасанно айтаман.
Фарғонадаги сафаримизда онажонимга тақдирдош аёл, халқимизнинг севимли санъаткори Охунжон Мадалиевнинг рафиқаси Ҳабибахон опа билан суҳбатлари изтироб, оҳлари билан ёзилган ўша ашулани кўзёш билан хотирлаганларига гувоҳман. Онамга тақдирдош қанчадан-қанча оналар, ота меҳрига тўймаган гўдаклар ноласи бўлган бундай маҳзун сатрлар дардкашингизга айланади.
Фурсатдан фойдаланиб, кўп сонли мухлислар номидан ташаккур билдираман. Халқ назарида, элдошлар эътирофидан кўксингиз осмон билан бўйлашиб юрсин. Умидингиз боғлари завол кўрмасин.

Азиза Боймуродова.