Шавкат Мирзиёев: Ҳар бир раҳбар ҳафтанинг бир кунини сунъий интеллект ривожига бағишлаши шарт

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
2030 йилда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Лекин хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.
Бунинг учун Рақамли технологиялар вазирлиги янада кўп ишлаши, вазирлар, ҳокимлар, тармоқ раҳбарлари эса ҳафтада бир кунини шу соҳани ривожлантиришга ажратиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
–Ҳамма вазирлар, ҳокимлар чет элга борганида сунъий интеллект иқтисодиёт тармоқлари ривожига қандай ҳисса қўшаётгани, аҳолига, бизнесга нима енгиллик бераётганини кўряпти. Бизда ҳам шуни қилса бўладими? Албатта, бўлади, – деди Президент.
Масалан, тармоқлардаги кўплаб корхоналар бизнес жараёнларини рақамлаштириб, харажатларини 10 фоизгача камайтираётгани қайд этилди. Сунъий интеллект ҳам жорий этилса, самарадорлик янада ошиши таъкидланди.
Адлия, солиқ идоралари сунъий интеллект ёрдамида 24/7 режимида онлайн маслаҳат тизимини ишга туширди. Божхона қўмитаси сунъий интеллект орқали хавфни бошқариш тизимини йўлга қўйди. Геологияда ҳам сунъий интеллект ёрдамида видеотаҳлил тизимини йўлга қўйиб, рудадан олинадиган металл ҳажмини 1-2 фоизга ошириш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда. Бу биргина мис қазиб олишнинг ўзидан йилига 20 миллион доллар қўшимча даромад келтиради.