“Шеф”, “бос”, “хўжайин” - раҳбарни қандай атаган яхши?

- Мумкинми хўжайин?

Ўқиб турган ҳужжатдан кўзимни узиб, бошимни кўтардим. Эшикни қия очиб, ундан фақат бошини киритган ўринбосаримга тикилдим. Унинг кўриниши бошини эшик қисиб қолган одамга ўхшарди. Кулгимни базўр босиб, бош ирғидим.

- Киринг.

- Хўп бўлади, хўжайин.

У кўлмакли кўчада юргандек, эҳтиёткорлик билан қадам ташлаб, столим қаршисида тик қотди.

- Сизга неча бор айтдим, мени хўжайин деманг деб. Исм-фамилиямни айтиб мурожаат қилиш мумкин-ку!?

- Хўп бўлади, хўж... .

Ўринбосарга топшириқларни бериб, унга рухсат берарканман, ўйга толдим. Олдинги иш жойимда менга “шеф” деб мурожаат қилишарди. Кейингисида ходимлар бошлиқни “бос” деб аташга одатланишган экан. Эндигиси “хўжайин”. Бу балки эскилик сарқитидир. Нима бўлганда ҳам кишини исм-шарифи билан атаган маъқул – қандайдир маданиятли.

Илгари ишлаган жойларимда исм-шарифимни айттиришга ходимларимни қанчалик ўргатолмаган бўлсам, бу сафар ҳам ўша ҳол такрорланаётган эди. Шундай кунларнинг бирида янги ишга келган ёш ходимлардан бири менга исм-шарифимни айтиб мурожаат қилса бўладими?   Кейин эшитишимча, унинг менга ажабланиб қараб қолганига бирдан бақрайиб қолишим сабаб бўлган экан. Нима бўлганда ҳам ходимнинг бу тахлит муомаласи менга ток ургандек таъсир қилгани рост.

Кайфиятим бўлмай хонамда ўтиргандим, рухсат сўраб хонамга кирган ўринбосар ноўрин хафа қилинган одамни юпатгандек, кўнглимни кўтарди:

- Янги-да, хўжайин. Раҳбарга қандай мурожаат қилишни ҳам билишмайди ёшлар.

Мен эса яна бирор жойга раҳбар этиб тайинлансам, ходимларим менга нима деб мурожаат қилишлари ҳақида ўйлардим.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.