Самарқандда бўш иш ўринларини яширган 135 нафар мансабдор шахсга 285,4 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилди
Иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунининг 18-моддасида белгилаб қўйилган. Яъни, қонунчиликка кўра, барча иш берувчилар ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак. Маълумотлар иш берувчиларда бўш иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тақдим этилиши лозим.
Кишилар мурожаати ҳамда олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, иш берувчилар бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик, кўп ҳолатларда тақдим қилинадиган маълумотларда мавжуд бўш ўринларни кўрсатмаслиги ҳамда асосий, иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар кўрсатилмасдан, хизматчи лавозимларни кўрсатиш билан чегараланиб, баъзи иш ўринларини яшириш ҳолатлари учрамоқда.
2020 йил мобайнида давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган ва бўш иш ўринларини яширган 135 нафар мансабдор шахсга нисбатан 285,44 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилиб, ундирилган.
Бўш иш жойларининг мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яширганлиги, шунингдек, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун иш берувчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 229-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган. Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ш.Холиқулов,
Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари.