Бўш иш ўринлари ярмаркасида 2 мингдан зиёд талабгор иштирок этди
Самарқанд шаҳридаги "Бўш иш ўринлари ярмаркаси"да 300 га яқин корхона-ташкилот 4800 га яқин вакант иш ўринлари билан иштирок этди. Шундан 1066 таси учун 3,5 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи таклиф этилди.
Шунингдек, бўш иш ўринлари саноат ва ишлаб чиқариш йўналишида 3302 тани, қурилиш йўналишида 702 тани, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишида 698 тани ва қишлоқ хўжалигида 97 тани ташкил этди. Уларнинг 226 тасига олий, 1247 тасига ўрта-махсус маълумот талаб этилган бўлса, 3283 таси маълумот талаб этилмайдиган иш ўринлари.
— Корхонамиз махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш билан шуғулланади, - дейди “Амир-ул бахт” масъулияти чекланган жамияти кадрлар бўлими бошлиғи Дилбар Юсупова. – Ҳозир 150 нафар ишчимиз бор. Фаолиятимизни янада кенгайтириш учун янги ходимларга эҳтиёжимиз катта. Ярмаркада 30 нафар фуқаро билан шартнома тузишни кўзлаяпмиз.
— Ҳозир кунлик ишларда ишлаб, оила боқяпман, - дейди оқдарёлик Илҳом Пўлатов. – Лекин касб-ҳунар коллежини туризм мутахассислиги бўйича тамомлаганман. Ярмаркада Ташқи меҳнат миграцияси вилоят филиали мутахасилари билан учрашдим. Хорижда таклиф этилаётган иш ўринлари билан танишдим. Германияда ишлаб кўрмоқчиман. Шу йўл билан тажриба тўплаб, келажакда ўз меҳмонхонамни очаман.
Маълумотга кўра, ярмаркада 2 минг нафардан ортиқ фуқаро иштирок этган. Тадбир давомида 512 нафар фуқарога корхона ва ташкилотлардаги доимий ишларга йўлланмалар берилган, 18 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилган. Шунингдек, 253 нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилган.