3 миллион ўрнига 1,5: Бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар хато бўлса...
![](https://static.zarnews.uz/crop/e/c/720__80_ec219551eb82b12110c93f7200ba0b57.jpg?img=self&v=1739536832)
Маълумотга кўра, ҳозирги вақтда вилоятимиздаги идора ва ташкилотлар, корхоналарда 27 мингта бўш иш ўрни бор. Ишсизлар сони 41 минг нафарга яқин. Савол туғилади: нега ишсизлар сони кўп бўла туриб, шунча иш ўрни бўшлигича қолмоқда? Ёки бу рақамлар шунчаки ҳисобот учунми? Умуман, бугун бўш иш ўринлари қандай рўйхатга олиняпти? Шу ва бошқа саволларга жавоб изладик.
Биринчи манзилимиз вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бўлди. Бошқарманинг меҳнат бозори таҳлили, бўш иш ўринлари ҳисобини юритиш ва ишга жойлаштириш шуъбаси бош мутахассиси Яшнар Саитмалиевнинг маълум қилишича, ҳозир бўш иш ўринлари тўғрисидаги барча маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими орқали рўйхатга олинади. Жараён тўлиқ электронлаштирилган бўлиб, унда ҳам давлат, ҳам хусусий ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари реал вақт режимида кўринади.
— Мазкур тизим яратилгунга қадар ташкилотлар ҳар ой ўзида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида ҳисобот бериши керак эди, - дейди Яшнар Саитмалиев. – Жараёнда хатоликлар бўлиши ёки ҳисоботлар ўз вақтида тизимга киритилмай қолган ҳолатлар кузатилган. Энди бундай муаммолар деярли йўқ. Агар иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини тугатса, маълумотлар автоматик равишда тизимда акс этади ва бўш иш ўрни тўғрисида маълумот чиқади. Бу жараёндаги бизнинг вазифамиз иш берувчиларга ҳуқуқий ва услубий кўмак бериб, хато киритилган маълумотларни тўғрилаб бориш.
Тўғри, иш ўринлари кўп. Бироқ улар ҳақида кўрсатилган маълумотлар доим ҳам тўғри чиқмаслиги мумкин. Буни жойларда ишсизлар билан мулоқотимиз давомида кўп эшитганмиз.
Масъулга кўра, бундай хатоликка асосан хусусий ташкилотлар томонидан йўл қўйилмоқда. Мисол учун, бўш иш ўринлари тўғрисидаги эълонда иш ҳақи 3 миллион сўм сифатида кўрсатилган бўлиши мумкин, аммо фуқаро ишга жойлашиш учун борганда, маош 1 миллион 500 минг сўм эканлиги маълум бўлади. Бошқарма шу каби мурожаатлар асосида ўрганиш олиб бориб, муаммони бартараф этиши маълум қилинди. Шунингдек, идоранинг ҳар бир ҳудудий бўлимида иш берувчилар билан ишлаш ва бўш иш ўринларини юритиш бўйича бош мутахассис лавозими жорий қилиниб, у кўрсатилган иш ўринлари ҳақидаги маълумотни таҳрир қилиш билан шуғулланмоқда. Жорий йил ҳисобидан вилоятда мавжуд 27 минг бўш иш ўрнининг 4700 таси таҳрирдан ўтказилган экан.
— Бунақа ҳолатлар кўп учрайди, - дейди Самарқанд тумани камбағалликни қисқаритириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими бош мутахассиси Абдужаббор Салимов. – Ўрганишлар давомида тизимга хато маълумот киритилишига кўпинча иш берувчи ёки унинг кадрлар бўлими масъулининг уқувсизлиги ёки масъулиятсизлиги сабаб бўлади. Мисол учун, яқинда туманимиздаги хусусий ташкилотлардан бири 30 нафар фуқарони ёллаган бўлса-да, уларнинг маълумотини тизимга ўз вақтида киритмаганлиги учун бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумот сақланиб қолган. Биз улар билан боғланиб, маълумотни янгиладик. Умуман, бугунгача туманимиздаги 1400 та бўш иш ўрнидан 880 тасини таҳрирлаб чиқдим.
Мутахассислар жойларда янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари ва кўп хатоликка йўл қўяётган иш берувчиларга ҳуқуқий ва услубий кўмак бериб келмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда уларнинг мурожаатлари бўйича маслаҳат берилувчи махсус гуруҳлар ташкил этилган.
Жараённи ўрганиш давомида бир ҳолат эътиборимизни тортди. Яъни, бугунги кунда бўш иш ўринларини ташкил этувчилар асосан хусусий сектор вакиллари, бироқ қонунчиликда уларга Ягона миллий меҳнат тизимига маълумот киритишида масъулият белгиланмаган. Оқибатда бир давлат ходими улар жойлаган маълумотларни таҳрир қилиб, хатоликка йўл қўйганларидан маълумотларни тўғрилашни сўрашга мажбур. Бу ҳам маслаҳат шаклида бўлиб, якуний ҳаракат тадбиркорнинг ўзига боғлиқ бўлмоқда. Агар қонунчиликда шу бўшлиқ ҳам тўлдирилса, тадбиркорлар ўзида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавоб берса, юқоридаги оворагарчиликлар бўлмасмиди?
Асқар БАРОТОВ.