“Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ҳисобот учун ўтказиладими?

Кеча ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ишсиз ёшларни доимий иш ўринларига ишга жойлаштиришга кўмаклашиш мақсадида вилоят миқёсида “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ташкил қилинди. Аммо…

“Бўш иш ўринлари ярмаркаси” Самарқанд шаҳридаги Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди. Тадбирда барча туман, шаҳарлардан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ходимлари ва иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари қатнашди. Ҳар бир туман, шаҳар ўзларидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этди. Унда корхона, ташкилот номи, иш ўрни, касби, маоши кўрсатилган.

Масалан, Оқдарё тумани 231 та, Булунғур тумани 160 та, Ургут тумани 884 та бўш иш ўрни билан қатнашаётган экан. Бўш иш ўринлари ёзилган тахтада Оқдарё туманида 14 та мактабгача таълим ташкилотига хореограф керак бўлиб, улар атиги 0,25 штат бирлиги учун ишга олинар экан. Олий маълумот талаб этиладиган ушбу касбга 400 минг сўм тўланаркан. Энг юқори ойлик маоши “Агробанк” бўлими бошлиғи лавозими учун 4 миллион сўм экан.

Шуниси таажжублики, тадбир бошланган бўлса-да, иш берувчиларнинг олдида иш сўраб келган ёшларни кўрмадик. Иш берувчилар ҳам ҳали бирор талабгорни ишга қабул қилмаганини айтишди. “Ёшлар ҳозир мажлислар залида бўладиган брифингда. Кейин бу ерга келиб, бўш иш ўринлари билан танишади” деб изоҳ берди тадбир ташкилотчилари.

Мажлислар зали ёшлар билан тўла экан. Менга яқин ўтирган аёлдан нима мақсадда бу ерга келганини сўрадим.

- Икки йилдан бери ҳамширалик касби бўйича иш излайман, аммо тополмайман, - деди Паст Дарғом тумани Чортут маҳалласида истиқомат қилувчи Замира Маҳмудова. – Қишлоғимиз Самарқанд шаҳрига яқинлиги учун бугунги тадбирда тумандан ҳам, шаҳардан ҳам ҳамширалик иши изладим. Бирорта ҳам ҳамшираликка иш ўрни йўқ экан. Анча йил ўз соҳамда ишламаганим учун икки йил олдин ҳамширалик курсида ўқиб, сертификат олгандим. Сертификатим муддати уч йил, бир йилдан кейин ҳеч қаерга ўтмайди.

Мажлислар залида касб-ҳунар курсларида ўқиётган фаол ёшлар тақдирланди. Шундан сўнг барча ёшлар “Бўш иш ўринлари ярмаркаси”га таклиф қилинди. Дастлаб Замира Маҳмудованинг гаплари қанчалик тўғрилигини билиш мақсадида Самарқанд шаҳри ва Паст Дарғом туманидаги бўш иш ўринлари билан қизиқдим. Ҳақиқатан ҳам бирорта ҳамширалик касби берилган эълонни учратмадим. Самарқанд шаҳридаги шифохоналардан келган вакиллар “Бизда ҳамширалик ўрни йўқ, фақат шифокорлик ўрни бор” дейишди.

Бир зумда ярмаркада иштирок этаётган ёшлар тадбирдан чиқиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб сафланди ва гуруҳ бошлиғининг ишораси билан кета бошлади. Иш берувчи ташкилотлар ҳам ўз кўргазмаларини йиғиштирди. Тадбир нима мақсадда ўтказилди, натижа нима бўлди – англамадик.

Энди вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан тақдим этилган ушбу тадбир натижаси ҳақидаги маълумот билан танишинг:

“Ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасига 486 нафар фуқаро жалб қилиниб, ярмаркада иштирок этган ишсиз фуқароларнинг 83 нафари (40 нафар ёшлар ва 37 нафар хотин-қизлар) ишга жойлашди. Улардан 10 нафари ҳарбий хизматни ўтаб қайтганлар ва 11 нафари ҳарбийларнинг оила аъзоларини ташкил қилди.

Ярмаркаларда меҳнат органларининг малакали мутахассислари томонидан 403 нафар фуқарога талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Aҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни доирасида кенг қамровли тушунтириш ва маслаҳатлар берилди”.

Бизда қачонгача “Бўш иш ўринлари ярмаркалари” ҳисобот учун, номига ташкил этилади?

Хуршида Эрназарова.