“Карьера куни”: талабаларга 1600 га яқин иш ўрни таклиф этилди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш масаласида очиқ мулоқот ҳамда “Карьера куни” бўлиб ўтди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган меҳнат ярмаркасида корхона ва ташкилотлар вакиллари бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Университетда айни вақтда 6044 нафар бакалавриат ва 108 нафар магистратура мутахассисликлари бўйича жами 6156 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Ўтказилган сўровнома натижасига кўра, 658 нафар талаба ишлаш истагини билдирган. Жорий ўқув йилида бакалавриат таълим йўналиши бўйича 1448 нафар, магистратура мутахассислиги бўйича 100 нафар талаба битирмоқда. Ҳозирги кунда университет талабаларининг қарийб 60 фоизининг бандлиги таъминланган. Шу жумладан, ички имкониятдан келиб чиқиб, 201 нафар талаба вакант лавозимларга ишга жойлаштирилди.
Университет ректори, профессор Худойназар Юнусов тадбирда талабаларни малакавий амалиётлари барқарор фаолият кўрсатаётган йирик корхона, ташкилот, кластерларда, 2022 йилдан бошлаб хориж давлатларининг илғор компанияларида ўташни ташкил этиш йўлга қўйилганлигини, бугунги тадбир битирувчи талабалар ўзларини истаган касб ва ҳаёт йўлини танлашида муҳим омил бўлишини таъкидлади.
“Карьера куни”да иш берувчилар томонидан талабаларга ўзларида яратилган шароитлар, ишлаш учун талаб қилинадиган малака ва кўникмалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бунинг натижасида 380 нафар талаба ишга жойлашиш учун йўлланма олди. Улардан 201 нафари шартнома имзолади.
Қайд этиш жоизки, университет томонидан 60 дан ортиқ йирик компания, кластер ва бошқа корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, йил якунига қадар 1500 нафар талабанинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.