Шеърларида қандай бўлса, ҳаётда ҳам шундай

Усмон Азимни талабалик йилларимда, аввал “Сайланма”си, кейин “Жоду” асари билан танидим. Шоирнинг ўзи Рауф Парфига берган таърифидек, менинг тасаввуримдаги “шоир” деган қобиққа лоп-лойиқ келди. Румий ижодидаги чапанилик, сўзни бежамасдан юракка сингдирадиган даражада айтиш, ортиқча ташбеҳларсиз қалбларни забт этиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Шунинг учун ўқувчиларимга “Ўзингни аяма, бешафқат бўлгин, жонингга солиб тур, гоҳида буров, шунда топилади хоин бўлагинг, унга раҳм этма қатл эт дарров”, деб Усмон Азимчасига айтганимда вужудида енгил жимирлашни ҳис қилганликларини айтишади. Ҳар кимга ҳам аслида қандай бўлса, шундай яшаш, шундай кўриниш бериш ҳам насиб этмайди. Усмон Азим эса шеърларида қандай бўлса, ҳаётда ҳам шундай.

Буни 2008 йил Самарқанд давлат университетининг салкам 500 кишилик залида икки соат тик оёқда шеър ўқиганида кўрганман. Ўша вақтларда залга кирган талабалар тугул айрим ўқитувчиларни ҳам ақалли бир соат “ушлаб” туролмасдик. Икки соатлик шеър эса гўё у ерда йиғилганларни сеҳрлаб қўйди. Сув қуйгандек жимжитликда шоирни бутун бир қулоқ бўлиб тингладик. Шоирнинг овозидаги ўзгачалик ва самимият, юракдан ёзиш ва юракдан айтиш малакаси мафтун қилиб қўйди зални гўё. Шунда англаб етдимки, эшитувчини тинглашга, яхши маънода мажбур қилса бўларкан. Чунки самимият энг носамимий одамга ҳам бошқача таъсир қилади. У юқувчан характерга эга. Юрак-юрагида ўзи ҳам англаб етмаган қайсидир ҳақиқатларини уйғотади. Виждони ўз борлиғини намоён этади. Ҳамма гап ўша самимий воизда экан.

Усмон Азим шеърларида наср, насрида назм бор. “Жоду”ни ҳар сафар қайта-қайта ўқиганимда бунга амин бўламан. Шоирнинг топқирлиги, ўзгачалиги мени мафтун этади. “Алпомиш”нинг ниқобини олиб, юзига қўяётганлигини бевосита кўраман. Устанинг аҳволига ачинаман. Соҳибқироннинг “уста ва малика” ғийбатига чек қўйишга топган гўзал ечимига тасаннолар айтаман. Ўғли учун ғозга айланган кампирнинг ҳолига ўйланаман. Ватан учун, бир миллатнинг бор бўлиши учун мана шундай улкан оналар бўлганлиги ҳақида изтироб билан ўйлайман. Орият учун ўладиган замонлар бўлганлиги ва у ўтиб кетганлиги кўнгилни ғашлайди. Инсон доим дунёни аслидан кўра гўзалроқ кўришга интилиши ҳақиқат эканлигига иймон келтираман.

Триптих (уч ҳикоя) ҳикояси инсонни уйғотади. Ахборотга тўла, атрофимиздаги одамларга ҳам эътиборсиз, “кундузи бошимизда пулнинг ҳисоб-китоби билан, кечқурун кўзимиз Алдаркўса қутида яшаётганимиз бир замонда бу “учтаси бирда” бўлган ҳикоя инсон сифатида йўқ бўлиб кетмаслигимиз кераклиги ҳақида, мўъжизалар аслида ўзимиз, қалбимизда эканлиги ҳақида юракларга шеърдай оқиб киради. Усмон Азим ҳақиқатан ўз юртининг нодир фарзанди. Шунинг учун ҳам насрий асарлари достондай ўқилади. Қадим Қўнғиротнинг буюк бахшисидай кўраман шоирни.

Усмон Азим ижодидаги тасаввуфга ҳамоҳанглик, тасаввуфнинг қийин тушунчаларини ҳам ўқувчига осон англатиш хусусияти алоҳида бир мавзу саналади. Мен бундай шеърларини ўзимча номлаганман: “Лисон ут-тайр” (Мени ташлаб кетманг, дўстларим қушлар), Ваҳдат ул-вужуд (“Натюрморт”) каби…

Шоир ижодидаги қуш, қанот номлари билан боғлиқ шеърларни ўқисангиз, инсон (айримлари) ҳақиқатда қачонлардир қуш бўлгани ҳақида ўйлайсиз. Қанотингиз бордай ҳис қиласиз ўзингизни.

Ижодкор кишининг рўзғор учун маълум идорада ишлаш мажбурияти ҳақида ёзилгандай туюлади:

Қачондир бир пайтлар қушлик кезимда,

Тузоққа тушганим аён эсимда.

Тириклик кўйида ҳолим эди танг,

Аранг қўнар эдим,

Учардим аранг.

Очлик ёпишганди илондай жонга,

Шунда кўзим тушди бир ҳовуч донга.

Сезсам ҳам бу донда макр борлигин,

Қўймади ақлдан озган борлиғим.

Ҳаёт ҳалқумига келган бу чоғда,

Тузоққа тушдим. Воҳ, даҳшат тузоққа.

Қафасга тиқдилар сўнгра, қафасда

Eркинлик йўқ эди ҳатто нафасга.

Ундан кечолмадим гарчи тор эди,

Аммо дону суви мудом бор эди.

Кейин эсимда йўқ кейиннинг рўйи,

Ўлиб кетгандирман балки шу кўйи…

Инсонликдан эса этмайман равиш

Қуш бўлган зотларга танишдир,

Таниш.

Шоир ижодига бағишланган кўрсатувда бир киши Алпомиш бизнинг замонамизда яшаганда, бирор сабаб билан унга қон керак бўлганда, Фақат Усмон Азим донор бўла оларди, деган гапни айтганида юз бора ҳақ эди, деб ўйлайман. Чунки Алпомишни бизга қайтарган шоир “Алпомиш”лардан эҳтиёт бўлишимиз зарурлигини уқтирган. Усмон Азимга мустаҳкам соғлик, элимиз, юртимизнинг фахрли шоири бўлиб юришини, “Сўнгсўзлар”ни яна юз йиллар ёзишини тилайман. Жонингиз омон бўлсин, шеъриятингиз билан китобхонлар хонадонига яхшилик улашаверинг шоирим, дейман.  

Машҳура ҲАСАНОВА,

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети катта ўқитувчиси.