Ўзбекистонда биология, экология ва қишлоқ хўжалигида қандай муаммолар бор? Уларнинг ечимлари нимада?

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида шу мавзуга қаратилган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон миллий университети профессори Л.Ғафурова, Қорақалпоқ тиббий фанлар илмий-тадқиқот институти директори С.Мамбетуллаева, университет ректори Х.Юнусов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Тошев, эколог-эксперт Тўрахон Ҳошимов ва бошқалар мавзу юзасидан фикрларини билдирди.
- Бугун кўтарилган мавзу жуда долзарб, - дейди Т.Ҳошимов. – Бунинг ечимини таъминлаш учун илм-фан, инновациялар ва амалиёт ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, бу борада илмий иш қилаётган ёш олимларни қўллаб-қувватлаш керак. Шунингдек, ахборот воситалари орқали экологик муаммоларни кенг ёритиш, жамоатчилик эътиборини бу масалаларга жалб этиш зарур.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларининг илмий мақолалари, тадқиқот натижалари билан чиқиш қилди. Шунингдек, ёш олимлар учун махсус секциялар ташкил этилиб, уларга ўз иқтидорларини намоён этиш имконияти берилди.
Конференция якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди ва энг яхши илмий ишланмалар эътироф этилди.
Марваридбону Жумаева.