Талабалар амалиёт ўташ ва тажриба алмашиш учун Германияга боради
Германиянинг “JD East” компанияси қишлоқ хўжалиги, биотехнология ва ветеринария медицинаси йўналиши бўйича дунёнинг нуфузли ОТМ билан ҳамкорликни амалга оширади. Компания мамлакатнинг йирик корхона ва хўжаликларига дунёнинг турли минтақалари ва ҳудудларидан иқтидорли талабаларни саралаб, амалиёт ва стажировка ўташ учун юборади.
Мазкур компания вакили Ж.Жонибеков ҳамда Германиядаги яна бир йирик боғдорчилик хўжалиги раҳбари - “Shneiders Obsthof” бошқаруви раиси С.Шнайдер Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига келди.
Меҳмонлар университет ректори Х.Юнусов ҳамда олийгоҳ профессор-ўқитувчилари билан мулоқот қилиб, талаба-ёшларнинг Германияда амалиёт ва стажировка ўташининг самараси ва бунинг шартлари ҳақида гаплашиб олди.
Хорижлик мутахассисларнинг сўзларига кўра, ёзги амалиёт, дастлаб ўқув режасига кўра, йилнинг талабалар учун таътил даврига тўғри келади. Кейинчалик эса томонларнинг розилиги билан йилнинг исталган даврига ўзгартирилиши мумкин. Ёшлар учун яратиладиган шарт-шароитлар, ётоқ жой, озиқ-овқат, маош ва уларнинг саломатлиги билан боғлиқ масалалар, шунингдек, энг муҳими, назарий билимларнинг амалиётда синаб кўрилиши муҳокама этилди. Германия Федератив Республикасида талабаларнинг амалиёт ўташи бўйича музокаралар ўтказиш жараёнида шу каби муҳим жиҳатларга эътибор қаратилди.
Меҳмонлар талаба-ёшлар билан учрашиб, қишлоқ хўжалиги, биотехнология ва ветеринария медицинаси соҳаларида дунёнинг илғор мамлакатлари сафида бўлган Германияда амалиёт ўтайдиган ўзбекистонлик ёшлар қандай имкониятларга эга бўлиши ҳақида ҳам айтилди. Компания вакили ёшларга 6 ойлик амалиёт ҳамда битирувчилар учун бир йиллик стажировка таклиф этди.