Янги лойиҳа: Инновацион илмий инкубатор. Унинг самарадорлиги нимада?
2022 йилнинг сентябрь ойида университетимизда ўта замонавий ва катта имкониятларга эга бўлган 9 та лаборатория ишга тушди. Шунда олдимизда бир савол кўндаланг бўлди: “Бизда улардан фойдаланишни биладиган мутахассислар етарлими ё у меҳмонларга намойиш этиладиган музей экспонати сифатида сақланадими? Кимда бу лабораторияларни ишлатадиган компитенция, квалификация бор”.
Яхшиям аввалроқ лаборантлар, докторантлар, ассистентларни хорижий, нуфузли олий таълим муассасаларида ўқитишни, амалиёт ўташни йўлга қўйган эканмиз. Режага асосан, замонавий Виварий (Ҳайвонлар клиникаси) фаолиятини ҳам бошлагандик. Виварий ва мазкур лабораториялардан фойдаланган ҳолда “Илмий инновацион марказ” фаолияти йўлга қўйдик. Бугун унинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана бошлаганимиз боис бу лойиҳани очиқ айтиш имкони, оммага ошкор этиш фикри пайдо бўлди.
Лойиҳа мазмуни шундан иборат: Олий Аттестация Комиссияси (ОАК)нинг барча талабларига жавоб берадиган энг камида 25 нафар мустақил изланувчилар, ёш тадқиқотчилар ва 5 нафардан кам бўлмаган PhD фан номзодлари суҳбат орқали қабул қилиниб, мазкур лойиҳага жалб этилади.
Лаборатория виварийимизга қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг эҳтиёжимизга мос ҳар хил турлари (қорамол, от, қўй-эчки, парранда турлари - ўрдак, ғоз, курка, қуён, балиқчилик, асаларичилик, 10 дан ортиқ турдаги ҳайвонлар)ни олиб келдик. Ҳар бир тур ҳайвонлар билан ишлаш учун икки нафардан мутахассисни жалб этамиз. Мисол учун, парранда учун 2 та мутахассис-ветеринар (юқумли ва юқумсиз касалликлари бўйича), 2 та зоотехник-технологияси бўйича (озиқлантириш), битта биотехнолог-мутахассис (озиқлантираётганда, парваришлаётганда қандай биотехнологик усулларни қўлласак, маҳсулдорлик ошиши учун) тадқиқот олиб боради. Демак, 1 тур ҳайвон бир циклда 5 та мутахассис-тадқиқотчи изланиш олиб боради.
Мутахассислар фаолияти қандай ташкил этилади, деган савол туғилиши табиий.
Биз лабораториядаги ҳар бир керакли жойга (ҳайвонлар сақланадиган вольерларга) замонавий камералар ўрнатяпмиз. Бир ҳайвон бир календарь йилида - 365 кун, 24 соат кузатувда бўлади. Касалланиш қандай бошланяпти, қандай ривожланяпти, профилактикаси, касалланиш ва даъволаниш жараёнлари, қайси даъво усуллари самарадор? Буларнинг ҳаммаси қайд қилиб борилади, натижа ва хулосалар солиштирилиб, таҳлил қилинади. Ҳар ҳафта, ҳар ойда жараён ҳақида махсус илмий нашрларда илмий мақолалар чоп этилади. Барча ўзгаришлар қайд этиб борилади. Эксперимент жараёни ниҳоясига етгач, бир томондан уни амалиётга жорий этиш йўлга қўйилади, молиялаштирилади, иккинчи томондан улар – мустақил тадқиқотчиларнинг диссертация ишлари ҳам ҳимоя учун тайёр бўлиб қолади.
1,5-2 йиллар давомида ишлар ана шундай давом эттирилади. Буни инновацион илмий инкубатор, дейиш ҳам мумкин. Ҳар бир мустақил изланувчи ўз йўналиши бўйича иш олиб борса, жуда қисқа муддатда энг камида 25 нафар ёш олимни тайёрлаймиз. Ҳар бир изланувчи ўз йўналиши бўйича ишини олиб боради, экспериментлар ўтказади, жараёнларнинг ҳар биридан таҳлиллар олиниб, таққосланиб, тўғри текширилган ҳаққоний тавсияномалар пайдо бўлади, бу жараёнда плагиатлик бўлмайди. Очиқ айтадиган бўлсак, ўтган асрда катта олимлар томонидан ёзилган илмий ишлар сал-пал ўзгартирилиб, янги диссертация тайёрлашга ҳожат қолмайди. Яъни, назариядан фақат эксперимент ўтказиш учун фойдаланилади.
Шу ўринда яна бир савол: “Танлов қандай бўлади? Мустақил изланувчилар қандай танлаб олинади?”.
Бизда айни кунда тизим учун маълум талаблар мавжуд (уни муҳокама қилмаймиз, бу талаблар барча учун мажбурий ва шарт) – талабгор чет тилини В2 даражасида билиши, ОАКнинг талабига кўра, ҳимояга чиқадиган мустақил изланувчими, докторантми, мутахассисликдан кандидатлик имтиҳонини топширган бўлиши шарт. Улардан талаб қиладиган ягона шарт – ўзлари танлаган йўналиш учун қизиқишининг мавжудлиги, бошланғич билимларга эгалиги, мустақил иш олиб бора олиш қобилиятининг шакллангани ва имкониятининг борлигидир. Лойиҳага жалб этиладиган мустақил изланувчилар, албатта, аниқ мақсадга эга бўлишлари керак.
Лойиҳа бўйича иш бошланган кундан истаган киши куннинг исталган пайти келиб у билан танишиши, жараёнларни кузатиши мумкин. Бу аввало, атрофдаги талаба-ёшларга яхши таъсир кўрсатиб, мотивация беради, уларни мутахассисликка янада қизиқтириши, руҳлантириши мумкин. Амалиёт жараёнларида бу ерда олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари билан албатта, улар ҳам таништириб борилади. Бу эса ўз навбатида амалиётнинг янада қизиқарли бўлишини таъминлайди.
Ҳисоб-китоблар бўйича, ушбу илмий мактаб иши (лойиҳа ) 2 марта такрорланади. Шундан сўнг у самара бериб ишлай бошлайди. Айни кунда мамлакатимизда яна бир неча олий таълим муассасаларида ветеринария йўналишлари ташкил этилган. Уларда мазкур соҳа учун мутахассислар тайёрлайдиган профессор-ўқитувчиларга талаб катта. Илмий мактабимиздан чиқадиган ёш олимлар мамлакат бўйлаб барча ОТМларида фаолият кўрсатиши мумкин бўлади, қолаверса, улар орасида соғлом рақобат муҳити шаклланади. Ушбу илмий мактабни ўтаб чиққан олимлар, устоз кўрган, тадқиқотларда тобланган, илмий ишнинг чинакам заҳматини чекиб, амалиётда тобланган, қисқача айтганда, мактаб кўрган олимлар бўлади. Келажакда ўзлари ҳам ана шундай олимларни тарбиялайди, плагиатга йўл қўймайди.
Лойиҳанинг яна бир афзал жиҳати ҳам бор. Биз одатда 3 йил докторантурада ўқитамиз. Докторантлар ҳар ойда камида 5 млн. сўмдан стипендия олади. Бу 3 йилда 180 млн. сўм дегани. (Агар мустақил тадқиқотчиларимиз сони 25 нафар бўлса) Демак, мазкур лойиҳа орқали давлат бюджетидан 180 млн. сўм тежаб қолиняпти.
Лойиҳанинг яна бир фойдали томони – ҳар бир қилинган ҳимоя остида тижоратлаштириш (уни амалиётга жорий қилиш орқали) молиялаштириш масаласи ҳам бор. Лойиҳа учун ишлатилган маблағлар охир-оқибатда ўзини-ўзи қоплайди, қолаверса, университет бюджетига фойда келтира бошлайди.
Шунингдек, лойиҳага танлаб олинган мустақил изланувчилар университетга тааллуқли одам бўлмаслиги ҳам мумкин. У хўжаликда ё ишлаб чиқаришда ишлайдими ёки давлат ишидами, лойиҳага жалб қилинган изланувчи албатта ҳудуд жиҳатдан Самарқанд вилоятига тааллуқли одам бўлиши мажбурий талаб бўлади. У куннинг маълум бир пайтида келиб, камерадаги ёзувларни олиб, ўзига бириктирилган экспериментни мунтазам кузатиб бориши керак. Замонавий камералар тадқиқотчиларнинг смартфонларига уланади. Демак, битта тур ҳайвон учун 5 хил мутахассис жалб этилиб, биргаликда иш олиб борилади.
Жараён шундай йўлга қўйилса, биздаги мутахассисларнинг донғи дунёга таралади. Асл рақобатбардош мутахассислар ўзимиздан чиқади.
Айни кунда мазкур тизимни реализация қилиш жараёни бошланган. Лаборатория, виварий тайёр. Объектлар, ҳайвонлар бор. Мустақил изланувчилар билан суҳбат, танлов жараёнлари олиб борилмоқда. Ҳар бир тур ҳайвонлар учун қилиниши керак бўлган кунлик ишлар тайёрлаб, режалаштирилиб қўйилган.
Табиий фанларда илҳом келишини кутиб ўтириш ярамайди. Иш мунтазам ташкил этилиши керак. Ҳар кунлик иш ўз вақтида бажарилиши, қайд этиб борилиши муҳим. Бугунги ишни эртага қиламан, десак, тажриба – эксперимент ишида хатолик юзага келади. Табиий фанларда бирламчи материаллар, назариядан сўнг, кундалик ишлар ҳар куни ўз вақтида қайд этилиб, таҳлил ва хулоса қилиб борилади.
Умид қиламизки, мазкур жараёнларда тобланиб чиққан ёш мутахассислар ҳайвонга бир қарашдаёқ унга нима кераклигини, қаери безовта қилаётганини билади. Ҳайвоннинг рангидан, кўринишидан ташхис қўйиб беради. Бундай мутахассислар бизга сув ва ҳаводек зарур. Хориждан фалон сўмга мутахассис чақириб юришга ҳам ҳожат қолмайди.
Бир сўз билан айтганда, бу йирик лойиҳа. Мамлакатимиз иқтисодиёти учун фойдали ва самарали бўлиши билан бирга таълим сифатининг ошишига, рақобатбардош кадрлар тайёрланишига, таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан янада интеграциялашувига олиб келади.
Бу келажак лойиҳасидир. Лойиҳанинг самарадорли эканига ўзимизда ишонч бор.
Худойназар Юнусов,
СамДВМЧБУ ректори, биология фанлари доктори, профессор.
Ўзбекистон Республикаси хизмат кўрсатган чорвадор.