Ёш олимлар, магистр ва иқтидорли талабаларнинг илмий фаолиятини оширишда уларга қаратилган креатив ғоялар, ечим ва таклифлар

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети биотехнология факультетида шу мавзудаги кўп тармоқли республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, магистрантлар ҳамда иқтидорли талабалар иштирок этди. Конференция илм-фаннинг турли йўналишларини бирлаштирган, ёшлар салоҳиятини очиб беришга қаратилган йирик майдон бўлди.

Тадбирда дастлаб университет ректори, профессор Х.Юнусов мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, хусусан, уларнинг илм-фан соҳасида эркин изланиши, инновацион ғояларини амалга ошириши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида гапирди.

- Ёшларнинг ҳар бир илғор ғояси - бизнинг эртанги кунимизнинг асоси. Биз уларга фақат билим эмас, ишонч ва имкон ҳам беришимиз зарур, - дея таъкидлади ректор.

Шундан сўнг ёш изланувчилар томонидан қатор долзарб мавзулар ёритилган илмий маърузалар тақдим этилди. Улар орасида ветеринария-санитария назорати, генетик селекция, экологик хавфсизлик, озиқ-овқат биотехнологияси, микробиал таҳлиллар, ҳайвонлар саломатлигини сақлашда замонавий усуллар, сунъий интеллект асосидаги диагностика тизимлари каби йўналишлар бўйича таклиф ва ғоялар илгари сурилди.

Қизғин муҳокамалар, фикрлар алмашинуви, савол-жавоблар илмий-тадқиқот фаолиятининг фақат назарий эмас, балки амалий натижадорликка йўналтирилганини намоён этди.

Тадбир якунида барча иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар, янги илмий ишланмалар юзасидан аниқ хулосалар чиқарилди. Энг асосийси, конференция ёшларни янада фаол изланишга, илмий тафаккурни чуқурлаштиришга, ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга ундайдиган самимий ва илҳомлантирувчи муҳитни яратди.

Актам Нурниёзов,

университетнинг биотехнология факультети декани, доцент.