Самарқандда “Ишга марҳамат” мономаркази очилди
Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар шаҳарчасида “Ишга марҳамат” мономаркази очилди. Умумий майдони 2,5 гектар бўлган собиқ коллеж биноси қайта реконструкция қилиниб, марказга айлантирилди.
Марказ қуввати 1650 ўринли: унда ўқув хоналари, фаоллар зали ва 60 ўринли аёллар ётоқхонаси мавжуд.
- “Ишга марҳамат” мономаркази Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган 10,5 миллиард сўм эвазига халқаро андозалар асосида қайта реконструкция қилинди, - деди марказ очилишида иштирок этган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов. – Самарқанд вилояти ёшлари ўқиб, касб-ҳунар эгаллаши учун тайёр ҳолатга келтирилди. Марказ жаҳон стандартлари талабидан келиб чиққан ҳолда жиҳозланди. Бундан ташқари, Жаҳон банки томонидан марказнинг моддий-техник базасини янада ривожлантириш учун 200 минг АҚШ доллари миқдорида ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган, замонавий жиҳозлар келтириб ўрнатилди, яна жиҳозлар келиши давом этмоқда.
Мономарказда ишсизлар 19 та касб: 8 та хизмат кўрсатиш, 6 та техник, 3 та қишлоқ хўжалиги ва 2 та рақамли технология соҳасидаги касблар, бундан ташқари 3 та хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилади. Касбларнинг мураккаблик даражаси асосида ишлаб чиқиладиган ўқув дастурларига мувофиқ ўқувчилар 2 ойдан 6 ойгача ўқитилади.
Мономарказ битирувчиларига эгаллаган касбига биноан меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштириган сертификат берилади. Бундан ташқари, WorldSkills стандартлари асосида баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади.
- Бу ерда сартарошлик касбини ўрганяпман, - деди пастдарғомлик Гулҳаё Элмуродова. - Шу пайтгача уй бекаси эдим. Марказда касблар бепул ўргатилар экан. Бирон сартарошга шогирд тушсам, албатта бу ҳунарни бепул ўргатмайди. Шу томони менга жуда маъқул бўлди.
- Автосервис хизмат курсида ўқияпман, - деди жомбойлик Шаҳзод Ҳакимов. – Марказ очилиши ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали эшитиб қолдим. Дарслар бошланганига 2 кун бўлди, анча нарсани ўргандим.
Марказга нафақат Самарқанд шаҳри аҳолиси, балки Булунғур, Жомбой, Паст Дарғом каби яқин туман ёшлари ҳам келиб ўқимоқда. Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”даги кам таъминланган аҳоли қатлами учун касб-ҳунар ўрганаётганларга стипендия берилади.
Мономарказда ишсиз фуқаролар мурожаати бўйича уларни ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш, миграция хизмати, малакани баҳолаш каби хизматлар кўрсатилади.
Хуршида Эрназарова.