SIUT талабалари халқаро “Қишки университет – 2025” ғолиблари сафидан жой олди

Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги ташаббуси билан Самара миллий тадқиқот университетида “Муҳандислик фанлари бўйича қишки университет” халқаро таълим форуми бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли лойиҳа бу гал Самара билан бирга Санкт-Петербург политехника университети ва Новгород давлат университети майдонларида ҳам ўтказилди.

Форумда Арманистон, Беларусь, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Сербия, Тожикистон, Ўзбекистон, Жанубий Африка Республикаси ҳамда Россиянинг турли ҳудудларидан келган 600 нафардан ортиқ ёш муҳандис-талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси таркибида Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)нинг 14 нафар талабаси форумда фаол қатнашди.

“Қишки университет” дастури талабларига кўра, иштирокчилар 22 та жамоага бўлиниб, учувчисиз ҳаво тизимларини лойиҳалаш ҳамда авиация ва космик тизимлар муҳандислиги йўналишларида беллашди. Дастурлар доирасида талабалар реал саноат кейслари, лаборатория машғулотлари ва лойиҳа ишлари орқали ўз билимларини мустаҳкамлади.

Якуний босқичда лойиҳалар экспертлар ҳайъати олдида ҳимоя қилинди. Учувчисиз авиация тизимлари йўналишида SIUT талабалари барча совринли ўринларни эгаллаган жамоалар таркибида иштирок этди. Хусусан, 1-ўринни эгаллаган “Пиропломба” жамоаси сафида Камилла Абдуллаева, 2-ўринга лойиқ кўрилган “Халқаро талабалар ҳамжамияти” жамоаси таркибида Навруҳон Атавуллаев ва Бобурмирзо Темиров ҳамда 3-ўрин соҳиби бўлган “Random” жамоасида SIUTнинг School of Computing факультети талабалари ўз иқтидорларини намойиш этди.

- Ушбу натижалар SIUTда сўнгги йилларда шаклланаётган замонавий муҳандислик таълим муҳитининг амалий самарасидир, - дейди SIUT Креатив муҳандислик маркази директори Улуғбек Амонов. - Бу жараёнда 2024 йилда ташкил этилган Креатив муҳандислик маркази муҳим ўрин тутади.

Асила Ибрагимова.