Сиёсий партиялар сайловчилар имзосини тўплашга киришди

Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, жорий йилнинг 9 июль куни ўтказиладиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси 10 майдан бошланди.

Мазкур сайловда иштирок этиш учун сиёсий партияларга ижозат берилиб, улар рўйхатга олингач, айни пайтда жойларда сиёсий партиялар томонидан сайловчилар имзосини йиғиш жараёнлари амалга оширилмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар  ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши ҳам ҳозирда ушбу юмуш билан банд.

Корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда имзо тўплаш жараёнида аҳолига O'zLiDePнинг дастурий мақсад ва вазифалари, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда.

Самарқанд шахридаги “Нурафшон текстиль” корхонаси ва Самарқанд автомобиль заводида ўтказилган шундай тадбирларда партия етакчилари ва фаоллари иштирок этиб, сайловчиларга тушунча берди.

Шундан сўнг, корхоналардаги партия бошланғич ташкилотлари аъзолари, O'zLiDePга хайрихоҳлар имзо варақаларини тўлдирди.

Сайлов кодексига кўра, сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилиши мумкин.