Соғинчли хотира

Касбим ҳисобчи бўлганлиги учун баъзида қайсар мижозларни айримлари “бухгалтерни ўзи билан гаплашамиз”, деб туриб олишади, гоҳида шикоят қилиб келувчилар ҳам бўлади.
- Мени тўсманглар, мен шахсан бухгалтернинг ўзи билан гаплашишим керак...
Бу гал ҳам ана шундай мижозларни бирини муддаосини эшитиш тараддудини бошладим. Кўринишидан бошқа миллат вакили, анча кексайиб қолган, аммо тетик бир кекса онахон кириб келарди. Онахонни гаплариям дона-дона, қулоқлариям эшитиши яхши, бир кўришда саксонни қоралаган аёлларга сира ўхшамасди.
- Ассалому алайкум, келинг онахон, хуш келибсиз.
- Раҳмат, ўғлим, мана буларингни қара, ярим соатдан бери ёнингга йўлатмайди-я.
- Уларни ҳам тўғри тушунинг, вазифаси, майли, хуш кўрдик, биз томонларга қайси шамоллар учирди. Онахон муддаосини айтаркан, гап орасида шахсини тасдиқловчи ҳужжатини ҳам тақдим қилди. Исми шарифи Шакирова Гулнарь, туғилган вақти, 1934 йил экан.
- Мен уруш кўрган аёлман, болам, ўша даврда бир тўғрам нон учун эртадан кечгача қўшнимиз боласини кўтариб юрардим, бир кун ўтиши шу қадар қийин эдики, аксига олиб берган бир тўғрам нонни укам иккимиз бир пасда еб қўярдик. Отам ўрушга кетиб қайтиб келмади, онам бизни болалар уйига беришга мажбур бўлди, эллик бир йил давлат ишида мехнат қилиб, пенсияга чиқдим. Бу кунларга етиб келиш осон бўлмади.
Онахон илтимослаб келган ишини тегишли жойга қўнғироқ қилиб битказиб бердим-да, ташқаригача кузатиб қўйдим. Бечора иши битганидан болаларча хурсанд бўлиб, такрор-такрор дуо қилди.
Онахон саксонни қораласа ҳам хали анча тетик. Хат-ҳужжатларни кўзойнаксиз бемалол кўра олади. Юзини ажин оралаган, қариликни гўё тан олмагандек шахдам қадамлар билан кетиб бораркан, нигоҳидан қайсидир танишимни кўргандек бўлдим. Хонамга кириб, яхшилаб ўйландим. Қаерда кўргандим-а бу нигоҳларни.
Топдим... ва ниҳоят эсладим... эсладиму... бутун болалигим кўз ўнгимдан ўта бошлади. Онамнинг раҳматли оналарида эди бу нигоҳлар...
Аллоҳ жойини жаннатда қилган бўлсин, бувим бизни боришимизни кўзлари тўрт бўлиб кутардилар. Ҳар гал бахорда, қизил мачин териб, чучвара қилиб берардилар. Чучвара билан бирга бир коса қаймоқ қўярди, таомни қаймоққа ботириб есангиз бошқача маза берарди-да. Сут ва сариёғ солиб нон ёпардилар. Ёпган нонлари бир ҳафта ўтса ҳамки кўкариб кетмасди, агар суви қочса тўғраб қўярдилар. Ўша қотган нонларини ҳам мазаси бошқача бўларди. “Мени нимамни яхши кўрасизлар-а, мана шу қотган нонларимни яхши кўрасизларми?”, дея ҳазил қилиб қўярдилар.
Бувим раҳматли чевар эдилар. Қўшнилари Хонойим эна ва Фотима эналарни барча бичиш ва тикиш ишларини қилиб берардилар. Шунингдек, маҳалладаги келин бўлиб кетаётган қиз-жувонларни ҳам кўйлакларини тикиб берарди. Бу одатларини то қазо қилигунича ҳам ташламадилар.
Токчасида доим ўрик қоқи, дарахт ёнғоқ мағизи, майиз турарди. Кечки овқатдан кейин токчадан ана шу қуруқ меваларни олиб, бизга берарди.
Мана, бувимнинг қазо қилганига роппа-роса ўн уч йил бўлди. Шунча пайтдан бери чучвараю косадаги қаймоқ таъмини қумсайман...
Исмоилжон Сатторов.