Сўнгги икки ярим ойда республика бўйича 3,5 минг нафардан зиёд фуқароларнинг уй-жойи таъмирлаб берилган
Президент топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи бошчилигида жойларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилган ишлар бзаси дан маълумот берилди. Маълум қилинишича, 56 та “қизил” тоифадаги маҳаллада 3,5 мингдан зиёд уй-жойи таъмирга муҳтож ва ўта оғир шароитда яшаётган фуқароларнинг турар жойлари жорий ва капитал таъмирлаб берилган. 900 га яқин хонадонга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Дастур доирасида маҳаллалардаги 571 та кўчаларда инфратузилма ҳолатини яхшилаш мақсадида 113 км асфальт, 336 км йўл шағал, 7 км йўлга бетон ётқизилиб, 29 758 м2 пиёдалар йўлаги барпо этилган.
Ундан ташқари 175 км. узунликдаги янги электр тармоғи тортилиб, 1 882 дона ёритиш мосламалари ўрнатилган, 60 та янги трансформатор ўрнатилиб, 174 таси таъмирланган, 5 188 та симёғоч устунлар бетон устунларга алмаштирилган, 1 831 та янги қўшимча темир-бетон устунлар ўрнатилган.
Жойларда газ таъминотини яхшилаш учун 119 та газ тақсимлаш пункти таъмирланган, 5 км узунликдаги янги табиий газ тармоғи тортилган, 155 км. газ тармоғи таъмирланган. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, 12 мингдан зиёд қўшимча суюлтирилган газ баллонлар, 1,6 минг тонна кўмир етказиб берилган.
Ичимлик сув таъминоти борасида 183 км узунликдаги янги сув тармоғи тортилиб, 13 километри таъмирланган, 7 та янги ичимлик суви иншооти ўрнатилган ва 18 таси таъмирланган.
Қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 21 та кўп қаватли уйнинг 243 м2 том қисми, 59 тасининг кириш йўлаклари таъмирланган.
Айтилишича, аҳолининг муҳтож қатламига ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш масалалари ҳам Республика ишчи гуруҳи эътибори марказида.
Жумладан, 1,1 минг нафар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларга 2 млрд. 680 млн. сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилган. Икки юздан зиёд фуқарога ногиронлик аравачаси, протез-ортопедия воситалари етказилган. Етти мингдан зиёд аҳолига бепул дори-дармон воситалари ажратилган.
Мингга яқин фуқарога 15 млрд сўм имтиёзли кредит, тўрт юз нафарига 2,5 млрд. сўмлик субсидия олишига кўмаклашилган. Шу билан бирга 206 нафарига тикув машинаси ва 139 нафар фуқарога асбоб-ускуналар ва меҳнат қуроллари олиб берилган.
Ўтказилган тарғибот, ташвиқот ва тушунтириш ишлари натижасида 245 та оиладаги нотинч ва низоли ҳолатлар жамоатчилик аралашуви билан бартараф этилган. Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.