Судьялар бўлажак шифокорларни қонунчиликдаги янгиликлар билан таништирди

Самарқанд шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида вилоят суди судьялари ва суд ходимлари ўқувчилар билан учрашув ўтказди.
Унда Самарқанд вилояти суди судьяси Т.Қодиров ўқувчиларга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтирар экан, бу янгиликларни ёшлар қай тарзда қабул қилиши, ўрганиши лозимлиги ҳақида гапирди. Қонунчиликдаги янгиликларни ёшлар онгига сингдиришнинг афзалликлари ва аҳамиятини оддий мисоллар билан изоҳлади.
Судья Ш.Рамазонов бу йил мамлакатимизда Президент сайлови ўтказилишига ҳақида гапириб, 2021 йил 8 февралда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш берди. Сайлов ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқларидан бири эканлигини таъкидлаб, сайлов қонунчилигини пухта ўрганиш ва бошқаларга даъват қилиш барчанинг бурчи эканлиги ҳақида гапирди.
Вилоят суди судьяси Шоҳида Муродуллоева “Коррупция - жамият тараққиёти кушандаси” мавзусида чиқиш қилди. У ёшларга коррупция жамиятни емирувчи, ривожланишга тўсиқ бўлувчи иллат эканлигини ҳақида мисоллар билан тушунча берди. Коррупциясиз соғлом жамият қуриш бош мақсадимиз эканлигини қайд этди.
Шунингдек, Ф.Қаршиев, Н.Ҳамроевлар оилаларда маънавий ахлоқий кадриятларни мустаҳкамлаш, соғлом муҳитни яратиш, оила институтини ривожлантиришда судларнинг роли ҳақида гапирди. Ёшлар ўртасида ўзаро ҳурмат, оилага масъулият хислатларини шакллантириш учун нималарга эътибор қаратиш кераклигини изоҳлади.
Тадбир сўнггида оилавий ажримнинг аянчли оқибатлари ҳақида видеоролик намойиш этилди.
Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.