Сунъий интеллект туфайли иш ҳафтаси 3 кунга қисқарадими?
Яқин беш йил ичида анъанавий беш кунлик иш ҳафтаси уч кунгача қисқариши мумкин. Чунки сунъий интеллект кундалик ишларни зиммасига олиши туфайли одамлар шахсий ҳаётига кўпроқ вақт ажратиши мумкин бўлади.
- Беш кунлик иш ҳафтасини ёқтирмайман, - дейди «Zoom» коммуникация платформаси бош директори Эрик Юан. - Яқин йилларда анъанавий ишлаш режимига эҳтиёж қолмайди. Бунга «рақамли агентлар»нинг оммавий қўлланилиши сабаб бўлади. СИ алгоритмлари мустақил равишда ҳисоботлар тайёрлайди, ишбилармонлик ёзишмаларини олиб боради ва ҳатто виртуал учрашувларда “рақамли аватарлар” орқали иштирок эта олади. Ходимларга эса фақат стратегик вазифалар ва муҳим қарорлар қабул қилиш қолади.
Иш ҳафтасини қисқартириш ғоясини молия ва технология соҳасининг йирик иштирокчилари ҳам қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, «JPMorgan Chase» банки бош директори Ж.Даймон ҳам тезкор автоматизация туфайли келажакда 3,5 кунлик иш ҳафтасига ўтишини таъкидлади. Унинг фикрича, бу ҳаёт сифатини яхшилаб, ходимларнинг асабий ҳолатини камайтиради.
Банкчилар билан бирга «OpenAI» раҳбари Сэм Алтман ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлади. Нейротармоқ ишлаб чиқувчилари янада илгарилаб, яқинда эълон қилинган дастурий ҳужжатда бизнес ва ҳукуматларни ҳозирданоқ 32 соатлик (тўрт кунлик) иш ҳафтасига ўтиш бўйича пилот лойиҳаларни бошлашга чақирди. Бу ёндашув меҳнат бозорини «Интеллект даври»га мослаштириш ва умумий самарадорликни сақлаб қолиш воситаси сифатида кўрилмоқда.