"Суперконтракт" тўлов-контрактининг минимал миқдорлари оширилмайди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПҚ-4359-сон қарорига мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори олий таълим муассасасининг салоҳияти ва ҳудудий жойлашуви, шунингдек абитуриентларнинг олий таълимга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда табақалаштирилган тўлов-контракт қийматининг Давлат комиссияси томонидан белгиланган минимал бараваридан кам бўлмаган миқдорда ОТМ томонидан мустақил белгиланиши кўрсатилган. Масалан, молия йўналиши бўйича оширилган контракт базавий миқдорнинг 15 баробари этиб белгиланган бўлса, Тошкент молия институти мазкур кўрсаткични 17 баробар этиб белгилаши, Термиз давлат университети эса ўзгартирмаслиги мумкин эди.
Мазкур тартиб ўтган йилги қабулда амалиётга жорий этилган.
Пандемия шароитидан келиб чиқиб, Давлат комиссияси томонидан 2020/2021 ўқув йили қабули учун истисно тариқасида олий таълим муассасалари томонидан табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган табақалаштирилган ("суперконтракт") тўлов-контрактнинг минимал миқдорларидан ОШИРИЛМАЙДИ!
Қуйидаги ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган ОТМлар бундан мустасно, мазкур ОТМлар суперконтракт миқдорини ошириш ҳуқуқига эга: УрДУ, СамДЧТИ, СамИСИ, ТДЮУ, ТДИУ, ТМИ, ТДШУ, ТошФармИ, ЎзДЖТУ, ТТЙМИ - ҳозирги Транспорт университети.