Тадбиркорлар бепул ўқитилди

Самарқанд шаҳрида «Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази» Самарқанд вилоят филиали томонидан тадбиркорлар учун бепул ўқув курси ташкил этилди.
Унда тадбиркорлар, мустақил бизнес фаолиятини бошлаш ниятидаги фуқаролар ва ёшлар бизнес-режа ишлаб чиқиш, банкда миллий ҳамда хорижий валютада ҳисобварақ очиш, кредит олиш шартлари ва тартиби ҳамда тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар бўйича 22 соатлик машғулотларда иштирок этди. Ҳафталик мазкур курслар якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.
- Уч йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман, - дейди Самарқанд шаҳридаги «Mahmud sifat textil» оилавий корхонаси раҳбари Маҳмуд Эргашев. – Тикувчилик корхонамизда 20 нафар ишчи меҳнат қилади. Фаолиятимиз йилдан-йилга кенгайиб ва ривожланиб боряпти. Шу пайтгача ички бозорга маҳсулот тайёрлар эдик, энди хорижга чиқаришни мўлжаллаяпмиз. Бунда маркетинг, менежмент, экспорт-импорт масалаларида билим ва кўникмага эга бўлмасак, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Шу жиҳатдан мазкур ўқув дастуридаги барча мавзулар натижасида мен ўзим учун зарур маълумотларни олдим.
Шундай ўқув курслар Оқдарё, Жомбой, Булунғур, Пайариқ туманларида ҳам ташкил этилди.
Маълумот ўрнида: 2019 йилнинг 6 ойи давомида вилоятимиз бўйича 22 марта шундай ўқув курслари ташкил этилди. Бу машғулотларда 670 нафар тингловчи ўқитилиб, уларга сертификатлар топширилди. Машғулотларда қатнашган фуқаролардан 54 нафари ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, қолганлари эса фаолиятини кенгайтиришга муваффақ бўлди.
Нодир БОБОКАЛОНОВ,
«Тадбиркорлик фаолияти асосларини
ўқитиш республика маркази»
вилоят филиали раҳбари.