“ТАДБИРКОРЛАР ВИРТУАЛ ОФИСИ” — тадбиркор учун тезкор ва самарали ёрдам манбаи
Бугун тадбиркорлар учун давлат органлари билан очиқ мулоқот қилиш, ўз муаммоларини тез ва осон етказиш имкониятлари кенгаймоқда. Шу йўналишда самарали платформалардан бири — “Тадбиркорлар виртуал офиси” ахборот портали ҳисобланади.
Ушбу платформа орқали тадбиркорлар кечаю кундуз мурожаат қилишлари ва муаммолари ечими устидан назорат ўрнатилишини кўришлари мумкин. Портал тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2025 йилда вилоятимиз тадбиркорларидан портал орқали 776 та мурожаат келиб тушган ва уларда 806 та масала кўтарилган. Мурожаатларнинг асосий қисми солиқ, инфратузилма, банк-кредит, ер ва кадастр соҳалари билан боғлиқ бўлди. Бу масалаларнинг ижобий ҳал этилиши натижасида тадбиркорларга 2,5 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилишига кўмаклашилди, қарийб 2,9 миллиард сўм маблағ ундириб берилди. 1,6 миллиард сўмдан зиёд солиқ қарзлари ҳисобдан чиқарилди. Шунингдек, ноқонуний ҳисобланган жарималар бекор қилиниб, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёни Бизнес-омбудсман томонидан доимий назорат қилинади ва белгиланган муддатларга риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилади.
Тадбиркорлар ўз фаолияти билан боғлиқ масалаларда муаммога дуч келса ёки таклифлари бўлса, business.gov.uz сайти ёки 1100 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Аброржон Ибрагимов,
Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг вилоят шуъбаси етакчи инспектори