Талабалар турар жойлари кўпайиб, уларда замонавий шароитлар яратилмоқда

Олий таълим муассасаларида йилдан йилга квоталар сонининг ошиши талабалар турар жойига бўлган талабнинг ҳам ортишига сабаб бўлди. Кейинги йилларда давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлар томонидан талабалар турар жойлари қуриб бериляпти, эскилари таъмирланиб, замонавий шарт-шароитлар яратиляпти.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида таҳсил олаётган талабаларга бу борада қандай қулайликлар яратилган? Талабаларнинг турар жойга эҳтиёжи неча фоиз қондирилган? Талабалар бўш вақтини қандай ўтказяпти? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида университет ҳаёти билан танишдик.

- 2000 йилларнинг бошида ётоқхоналар сони атиги иккита эди, - деди университет ректори, профессор Худойназар Юнусов. – Бирида 286 ўрин, иккинчисида 300 атрофида жойимиз бўлиб, бор-йўғи 600 нафар талабани ётоқхона билан таъминлаш имкониятимиз бор эди. Охирги олти йил ичида олиб борилган ишларимиз ва ҳукуматимиз томонидан қилинган ёрдамлар эвазига битта ётоқхонамиз 450 ўринга мослаштирилди. Шунингдек, 2-сон талабалар турар жойи капитал таъмирланди ва талабаларнинг яшаши учун барча имкониятлар яратиб берилди. Масалан, ҳар қаватда ошхона, кир ювиш хоналари, маърифат хонаси, ота-оналарга ҳам алоҳида хона тайёрлаб қўйдик. Мабодо, ота-она фарзандини кўргани олисдан келиб, қайтишга улгурмаса, ётоқхонада қолиши мумкин.

Бундан ташқари, университетнинг кириш қисмида 350 ўринли ётоқхона ишга тушди. Бу йил яна иккита ётоқхонамиз фойдаланишга топширилиш арафасида турибди. Улар ҳам ишга тушса, талабалар турар жойи 1300 ўрин атрофида бўлади. Шунингдек, кейинги йилларда давлат-хусусий шериклик асосида ҳам талабалар ётоқхоналари қуриляпти. Ҳукумат қарорига мувофиқ, университетимизга тўртта талабалар турар жойи қурилиши белгиланган эди. Шундан иккитаси топширилиш арафасида. Қолган иккитаси ҳам насиб бўлса яқин йиллар ичида қурилади ва талабалар турар жойига бўлган эҳтиёж 40-50 фоизга қопланади.

Охирги йилларда университетимизга хорижий талабалар ҳам кела бошлади. Туркия, Исроил, Россия каби давлатлардан талабалар келиб ўқишяпти. Уларни ҳам ётоқхоналар билан таъминлаш мақсадида биз янги қурилаётган ётоқхоналарда фақатгина бир хил услубда эмас, балки уч хил категорияда шароит яратишни режа қилдик. Бу – оддий ётоқхоналар, яъни тўлови кам, ўрта ётоқхоналар – шароити ва тўлови бироз баланд ва юқори сифатли ётоқхоналар – тўлови қиммат бўлади. Хорижий олий таълим муассасаларида ётоқхоналар мана шу тартибда қурилган бўлиб, талабалар чўнтаги кўтарганида истиқомат қилади.

Шунингдек, жорий йилда 24 нафар хорижлик профессор-ўқитувчилар университетимизда фаолият юритди. Янги қурилаётган ётоқхоналаримизда уларга ҳам қулай шарт-шароитларга эга жойлар билан таъминлашни режалаштиряпмиз.

***

Бугун талабалар турар жойларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун пазандалик, тикувчилик, рассомлик, миллий кураш каби тўгараклар мавжуд. Тикувчилик тўгараги раҳбари Зулайҳо Шодиева тикиш-бичишга қизиқадиган талаба-қизларга тикиш сирларини ўргатиб келмоқда.

- Тикувчилик тўгарагимиз доим очиқ, талабалар бўш вақтларида келиб, устозимиздан тикиш-бичишни ўрганади, - деди университетнинг биотехнологиялар факультети 2-босқич талабаси Мадина Қурбонбоева. – Тўгаракда қизлар университетга зарур бўлган парда ва бошқа нарсаларни, шунингдек, турли кийим-кечакларни тикади. Бундан ташқари, университетда каштачилик, тўқувчилик каби тўгараклар ҳам мавжуд.  

Тўгаракда кимдир тикиш, кимдир тўқиш ёки кашта тикиш билан банд. Талаба-қизлар бўш вақтини ўзлари севган ҳунар билан мазмунли ўтказмоқда.

Биз қизлар ётоқхонасидаги пазандалик тўгарагида ҳам бўлдик. Талабалар турар жойида истиқомат қилувчи қизлар биргаликда хамирли таом тайёрлашаётган экан.

- Бўш вақтимизда турли хил миллий таомлар тайёрлаймиз, - деди университетнинг иқтисодиёт факультети талабаси Гуландон Эшимова. – Шунингдек, бошқа вилоятларнинг севимли таомларини ҳам тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Бугун Хоразмнинг миллий таоми бўлган тухум-баракни тайёрлаяпмиз. Бу таомни қандай пиширишни хоразмлик дугоналаримиз ўргатишяпти.

Университетда беш муҳим ташаббус доирасида йигирмадан ортиқ тўгарак мавжуд бўлиб, улар талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга йўналтирилган. Шунингдек, олий таълим даргоҳида спорт клуби фаолият юритмоқда. Спорт клубида турли тренажёр ускуналари, кураш гилами ва бошқа спорт анжомлари мавжуд бўлиб, ўғил болалар дарсдан сўнг миллий кураш, волейбол, баскетбол, футбол каби спорт ўйинлари билан шуғулланади. 

Бундан ташқари, талабаларни билим олишга янада қизиқтириш, улардаги қобилиятни рўёбга чиқариш мақсадида “Заковат” клуби ўз фаолиятини олиб бормоқда. “Заковат” клуби ҳафтанинг душанба, чоршанба кунлари факультет ва курслар ўртасида интеллектуал ўйинлар ташкил этади. Бундай мусобақаларда ректор кубоги, декан кубоги учун талабалар ўзаро куч синашади. Мусобақа ғолиблари университет томонидан диплом ва совғалар билан рағбатлантириб келинмоқда. Олий таълим муассасалари ўртасидаги “Заковат” интеллектуал ўйинларида ҳам университет талабалари фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни олиб келмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).