Тарғибот тадбирлари миллий қадриятларимизни ҳам ифода этмоқда

Паст Дарғом тумани Камолот маҳалласидаги 57-мактабда “Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш” мавзусида маънавий-марифий тадбир бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни халққа етказиш, пандимия даврида уларнинг руҳан кайфиятини кўтариш ҳар бир аёл, уюшмаган ва вояга етмаган ёшларнинг маънавий ҳордиқ чиқаришига кўмаклашиш мақсадини кўзлаган ушбу тадбирга олимлар, ижодкорлар, спортчилар, санъаткорлар ҳам жалб қилинди.
- 30 йил ўқитувчилик қилиб, сўнг маҳаллада иш бошладим, - дейди Камолот маҳаллалик Адолат опа. - Маҳалламиз ўзининг ободлиги, одамларимизнинг меҳру оқибатлилиги, фарзандларимизнинг ютуқлари билан бошқа маҳаллалардан ажралиб туради. Қўшни Балхиён, Чортут маҳаллалари тузилиши, аҳолисининг баҳамжиҳатлиги, тадбиркорлиги билан фарқланса, бизнинг маҳалла ёш оилалар, янги қурилишлари билан ўзига хослик касб этади.
Дарҳақиқат, тадбирга бошчилик қилган маҳалла оқсоқоллари Балхиён маҳалласи раиси Амриддин Ибрагимов, Чортут маҳалласи раиси Комил Ҳамидовнинг тажрибаси, ёш раис Диёр Умировга бераётган устозларча маслаҳати ва кўмагини кўриб мамнун бўлдик. Сабаби, ота-боболаримиздан бизгача етиб келган анъана ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга оталарча ғамхўрлик қилиш, касб сирларини ўргатишдаги жонбозлиги кўриниб турарди. “Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш” мавзусидаги тадбирлар халқимизнинг ана шу қадриятларини ифода этмоқда.
Жумагул СУВОНОВА.