Текширувларни юзаки ўтказган ҳамшираларга чора кўрилади
Жомбой тумани, Деҳқонобод маҳалласида истиқомат қилувчи Бердиёровлар оиласига соғлиқни сақлаш вазирлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари келиб, патронаж ҳамшираси охирги марта қачон келгани ҳақида сўраб-суриштирганда тутилиб қолмади. Қачон келганини, қандай тиббий амалларни бажарганини айтиб беришди.
Хабарингиз бор, бугун республикамиз бўйлаб бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан аҳолининг атнропометрик текширувлари олиб борилмоқда. Аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш нечоғлик муҳим бўлса, бу ҳам шундай аҳамиятга молик жараён. Юқорида номлари келтирилган ташкилот вакилларининг бу ўрганишлар нечоғлик олиб борилаётганини назорат қилишлари сабаби ҳам шунда.
- Инсоннинг тана вазни, бўйи ўлчови, қандай таомланиши каби маълумотлар оддий кўринса-да, умумлашганда жуда кўп таҳлилларни келтириб чиқаришга, соғломлаштириш йўналишини белгилашга хизмат қилувчи ахборотдир, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев. – Шунинг учун барча тиббиёт ходимларига мазкур хатловни амалга оширишда масъулият билан ишлашга кўрсатма берилди. Такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж хизматининг устувор равишда тўлиқ жорий қилиниши бўйича Каттақўрғон шаҳар ва Иштихон тумани танлаб олинди. Теширувни олиб бориш учун тиббий бригадалар ташкил этилиб, улар керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Иккала тиббиёт бирлашмасида мавжуд 384 дона патронаж сумкаларига хатлов ва антропометрияни ўтказиш учун керакли бўлган воситалар (тарози, сантиметрли лента, танометр, фанендоспоп, акушерлик статоскопи, термометр, ҳомиладорлик муддатини ҳисоблаш учун калькулятор ва бошқа) 70-80 фоизга таъминланган эди. Қўшимча зарур жиҳозлар вилоят маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағ эвазига ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан олиб берилди.
Ушбу ҳудудларда хатлов ишлари тугатилиб, эндиликда бошқа туманларда бошланди. Ҳар бир туман тиббий ходимлари учун соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят тиббиёт муассасалари вакиллари томонидан ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Шунингдек, юқорида таъкидлаганимдек, хонадонларга кириб, кўрик амалга оширилган оила аъзолари билан суҳбат, кўрсаткичларини қайта текшириш орқали уларнинг фаолияти нечоғлик экани билан танишиб ҳам боряпмиз. Ўрганишларимиз давомида текширувни хўжакўрсинга олиб борган бир нечта ҳамшираларга чора кўрилди.
- Жомбой туманида 9 та оилавий шифокор пункти ҳамда 3 та оилавий ва битта марказий поликлиника фаолият юритади, - дейди туман марказий поликникаси мудири Саъдулла Бердиқулов. – Аҳолини тўлиқ текширувдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирга қадар 20 фоиз аҳоли кўрикдан ўтди. Аҳоли орасида кейинги йилларда юрак-қон томир, қандли диабет касалликлари сони ошиб кетди. Қолаверса, ортиқча вазнга эга инсонларнинг сони ҳам кундан-кунга ортиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим.
Ушбу текширувлар натижаси мамлакат миқёсида умумлашгач, таҳлил амалга оширилади. Хасталикларнинг олдини олишга эътибор қаратилади. Бир пайтлар эндокрин касалликлари жуда кўп учрарди, ҳозир уларнинг сони пасайганини кузатиш мумкин.
Гулруҳ Мўминова.