Темурийлар меъморчилигида миноралар нима мақсадда қурилган?
Минора - ислом архетектурасида минор (айлана, тўртбурчак, кўпқирра) бўлиб, ундан имом азонга чақирган. Минора масжид ёнига қурилган ёки унинг композициясига қўшилган.
Одатда миноралар ичида айлана зинапоялари бўлади. Масжид бир минорали ёки минорасиз бўлиши ҳам мумкин. Истанбулнинг Султонлар масжидида тўрттадан олтитагача миноралар бор.
Энг кўп минорали иншоот пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг Маданият мақбараларида. У ерда ўнта минора бор. Буюк Ипак йўли маданий, савдо йўлларида муҳим марказлар ҳисобланган шаҳар ва қишлоқ масканларида бунёд этилган минорасимон иншоотларнинг илк кўринишлари сақланиб қолмаган бўлса-да, дастлаб улар карвон йўлларини белгиловчи майдоқ, шаҳарлар аҳолисини ташқи хавфдан огоҳ этувчи кузатув миноралари вазифаларини ўташ учун қурилгани шубҳасиздир.
IX-X асрлардан бошлаб бу турдаги иншоотлар диний мақсадларда қурилган. Бухоро, Вобкент, Жарқўрғон, кўҳна Урганчдаги бу давр минораларининг меъморий-конструктив ечими юқорида қайд этилган вазифаларни бажаришга мос қилингани бундан далолат беради.
Ўзбекистон ҳудудида меъморий мажмуалардаги гулдаста, буржларнинг минорасимон шаклларида бетакрор ечимлар мавжуд. Уларнинг нодир намуналари Марказий Осиё меъморчилигининг Темурийлар ва ундан кейинги давр босқичида юксак бадиийликка эстетик-декоратив кўринишга эга экани чет эл мутахассислари томонидан ҳам тан олинган. Юқорига кичрайиб борадиган бир неча бўғинли миноралар Темурий иншоотларида ўзига хос кўринишга эга бўлган. Марказий Осиё меъморчилигида темурийлар даври меъморий безак санъатидаги қирқма кошин қопламалар билан безатилган катта миноралар мағриб ва Яқин Шарқ, Хуросон минорасимон иншоотларига қараганда бирмунча салобатлиги билан фарқланади. Темурийлар даври меъморчилигида жоме масжидлар, улкан мадрасалар ва саройларнинг меъморий жиҳатдан тугал кўриниш олишида бу минорасимон бинолар муҳим восита бўлиб келди. Ҳатто даврлар мобайнида юқори қисмлар сақланмаган бўлса-да, Самарқанддаги Улуғбек мадрасасидаги бурж-миноралар, Aмир Темур мажмуаси ҳовлиси бурчакларини белгиловчи миноралар, Бибихоним жоме масжидида сақланиб қолган пештоқ ён гулдасталари ҳам ўзларининг муқарнасли қолдиқлари билан нисбатан тугал меъморий иншоотдек тасаввур уйғотади.
Миноралар муқарнаслар билан ҳам безатилади. Бўғинлар оралиғини белгиловчи муқарнаслар Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ва Бибихоним мадрасасида қўлланилган, улар соркор кошин бўлаклардан йиғилган муқарнасларнинг айрим турлари кейинчалик Бобурийлар меъморчилигида минораларда мармар элементларда қайтарилган.
Aсосан юқорига торайиб борадиган конус, цилиндрсимон иншоотларда минора қурувчиси, қурилган жойнинг мавқеига қараб арабий ёзувли белбоғ қилинган. Мадрасанинг баландлиги, унинг ҳашамидаги бу белбоғлар маълум даврга хос бўлган қоидага қараб аниқланган. Ўлчам бирлиги газнинг метрик ҳисоби ўзгариб борганини ҳисобга олганда, минора баландлиги қурдирган шахснинг мавқеига қараб белгиланган камарлар сонига боғлиқ деган тахминлар ҳам бор.
Дилноза Ғаниева,
Регистон ансамбли гид экскурсоводи.