Тергов ҳибсхонасида маҳкума аёл вафот этди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов тергов ҳибсхонасида содир бўлган ходиса ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2019 йил 22 октябрь куни соат 02:30лар чамасида суднинг ҳукмига кўра, ЖКнинг 168- ва бошқа моддалар билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган ва мазкур суд ҳукмидан норози бўлиб апелляция шикояти ёзган, Наманган вилояти ИИБ 6-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкума Шохиста М. (1976 йилда туғилган) ўзи сақланаётган ҳибсхона камерасида тўсатдан саломатлиги ёмонлашиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида, маҳкума Шохиста М.нинг ўлими "юракнинг камқонлик касаллиги, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги оқибатида келиб чиққанлиги, марҳумада тан жароҳатлари аниқланмаганлиги" кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.