Тест синовида синглисига ёрдам берган назоратчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинди
Жорий йилнинг 8 август куни сайтимизда “Тест синовида синглисига ёрдам берган назоратчи имтиҳондан четлаштирилди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Мазкур ҳолат бўйича Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси хабар берди.
Унда айтилишича, жорий йилнинг 7 август куни 2-бино, 22-гуруҳда ўтказилган тест синови жараёнида синглисига ёрдам беришга ҳаракат қилган фуқар Фаёз Тошмуродов 2015 йилдан буён Самарқанд шаҳридаги 72-умумтаълим мактабида фаолият юритиб келади. У 2018 йилдан директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган.
2019 йил 1 июлдан навбатдаги меҳнат таътилига чиққач, 29 июлдан бошлаб Давлат тест марказининг жамоатчилик кенгаши тавсиясига биноан шартнома асосида тест жараёнига назоратчи сифатида жалб қилинган.
72-умумтаълим мактаби директори Д.Аҳмедова Ф.Тошмуродовнинг Давлат тест маркази жамоатчилик кенгаши тавсиясига биноан шартнома асосида тест жараёнига назоратчи сифатида жалб қилинганлигидан хабари йўқлиги тўғрисида тушунтириш хати ёзиб берган.
Фаёз Тошмуродов аризасига кўра, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимининг 2019 йил 9 августдаги буйруғига асосан, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 97-моддаси 1-бандига биноан бекор қилинган.
Маълумот учун: Тошмуродов Фаёз Эркин ўғли 1993 йил 12 сентябрда Қашқадарё вилояти Касби туманида туғилган. Миллати ўзбек. 2015 йилда Қарши давлат университетининг география факультетини битирган. 2017 йилда СамДУ география факультети магистратурасида таҳсил олган.