“Тез ёрдам”га янги машиналар берилади
Тадбирда лойиҳа раҳбари Эльвира Анадолу, Жаҳон банкининг ташкилий масалалар бўйича катта мутахассиси Лингзи Шу, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Хожибоев юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида Жаҳон банки инвестициялари жалб қилинган ҳолда қатор лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мазкур лойиҳа учун ажратилган 100 миллион АҚШ доллари эвазига республикамиздаги барча шошилинч тиббий ёрдам хизмати марказлари энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар, 60 та замонавий тез ёрдам машиналари ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланади.
- Банкимиз Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш ишларига яқиндан ёрдам бераётганидан мамнун, - дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизими лойиҳалари раҳбари Эльвира Анадолу. – Мазкур лойиҳа юртингизда соғлиқни сақлаш соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, врач ва ҳамшираларнинг малакасини ошириш, автоматлаштирилган диспетчерлик ва алоқа тизимини яхшилаш, тез ёрдам машиналарини мувофиқлаштиришда яқиндан кўмаклашади. Лойиҳа туфайли йилига 6 миллион фуқарога малакали тиббий хизмат кўрсатишга эришилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.