Тоғли Қорабоғдаги зиддият давом этмоқда, асосий воқеалар

Аввал хабар берганимиздек, 19 сентябрь куни тушдан кейин Боку тарихан Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можаронинг асосий нуқтаси бўлган Тоғли Қорабоғ ҳудудида маҳаллий аксилтеррор чораларини бошлади.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Гегам Степанян ҳудудда ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар сони ошаётганини маълум қилди.

• Отишмалар натижасида 27 киши ҳалок бўлган, улардан 7 нафари тинч аҳоли, шунингдек, Тоғли Қорабоғдаги Мартуни шаҳри мэри Азнавур Сарян Озарбайжон ҳарбий кучларига қарши жангда ҳалок бўлган.

• Ереванда Арманистон ҳукумати биноси атрофида бошланган намойишларда полиция билан тўқнашувлар юз берган. Полиция намойишчиларга қарши шовқинли гранаталардан фойдаланган.

• Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон қуролли кучларининг Тоғли Қорабоғдаги бўлинмаларини “қуролларни ташлаб, таслим бўлишга” чақирган. Эвазига департамент "терроризмга қарши чоралар"ни тўхтатишни ваъда қилган.

• KLM авиакомпанияси Тоғли Қорабоғдаги вазият кескинлашгани сабабли айрим рейслар, жумладан Озарбайжон ҳудуди устидан парвоз қилиши керак бўлган барча рейсларни бекор қилган.

• Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маҳаллий аксилтеррор тадбирлари муваффақиятли давом этаётганини маълум қилди. Департамент маълумотларига кўра, 60 дан ортиқ жанговар постлар Озарбайжон армияси назоратига ўтган.

• Тонгга яқин Тоғли Қорабоғда Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан ракета ва артиллерия бомбардимонлари давом этаётгани айтилди. Қорабоғдаги арман қуролли гуруҳлари қаршилик кўрсатмоқда.

• Арманистон бош вазири Никол Пашинян Боку Ереванни жанговар ҳаракатларга жалб қилмоқчи эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Арманистоннинг Тоғли Қорабоғда армияси йўқ.