Тошкентда Россиянинг яна бир университети филиали ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июнда “Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Унга кўра, филиал университет билан келишган ҳолда, таълимнинг бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиб, барча даражалардаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, шу жумладан, илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ишларини амалга оширади.

Ушбу таълим даргоҳида ўқитиш рус тилида амалга оширилади. Филиалнинг таълим фаолияти 2019-2020 ўқув йилидан бошланади.

Филиал битирувчиларига ўқишни битирганларидан сўнг Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги диплом берилади.

Давлат гранти асосида таълим олган филиал битирувчилари республика ташкилотларига беш йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади.

Бакалавриат таълим йўналишлари:

  1. Материалшунослик, наноматериаллар ва нанотизимлар технологиялари;
  2. Материалларга бадиий ишлов бериш технологияси;
  3. Синтетик биологик фаол моддалар, кимё-фармацевтика препаратлари ва пардоз воситалари технологияси;
  4. Технологик жараён ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги.

 

Магистратура мутахассисликлари:

  1. Материалшунослик ва материалларни коррозиядан сақлаш;
  2. Наноматериаллар кимёвий технологияси.