Тўйдан кейин кирган ақл

У машинада давлатлараро юк таширди. Бир ой уйда бўлса, уч ой сафарда.
Қўли пул кўра бошлагач, босар-тусарини билмай қолди. Пул топиб, ақл топмаган бундай одамларнинг одатлари қизиқ. Ё уйга зўр беришади, ё тўйга. У довруғ қозонишни ўғлининг хатна тўйидан бошламоқчи бўлди: "Меҳмонлар мингтадан кам бўлмайди, эрталаб наҳор ош, сўнгра кураш, оқшом «вечер». Эшитганларни оғизлари очилиб қолсин…
Кайвонилар, қариндош-уруғ насиҳат қилиб уни ҳовуридан туширмоқчи бўлишди.
- Тўйни юз-юз эллик киши иштирокида наҳор ош билан ихчамгина ўтказсак маъқул бўларди, - деди маҳалла оқсоқоли.
- Мен тўй қилмоқчиман, садақа эмас, - деди у қайсарлик билан. - Тўй меники, пул меники, қандай хоҳласам, шундай ўтказаман.
- Диндан чиқсанг ҳам, элдан чиқма, деган гап бор, сал пастроқ туш, - деди акаси укасининг керилганига ғаши келиб. – Эртанги кунингни, болаларингни ўйла, бир кунлик тўй деб уларнинг ризқини қийма.
- Нима, ҳасад қиляпсизларми? Одамларга ҳам ҳайронсан, бор бўлсанг, кўролмайди, йўқ бўлсанг беролмайди, - деди у ён бергиси келмай.
Тўй маслаҳатига чақирилганлар унга гап уқтириш бефойда эканлигини англаб, қўл силтаб чиқиб кетдилар.
«…Тўймисан тўй бўлди-да ўзиям. Бу ёқда наҳор ош, бу ёқда кураш, «вечер». Совринларни айтмайсанми, той, тана, мебель, телевизор, гилам, уй-рўзғор буюмлари… ўзиям юз эллик миллион сўм кетди-ёв, ҳаммасининг оғзи ланг очилиб қолди. Э, қандингни ур, йигит!». У шундай ширин хаёллар оғушида ҳузур қилиб ёнбошлаб ётганди, тинчини кириб келган ўғиллари бузди.
- Нима гап? – деди у норози оҳангда.
- Шартнома пулини тўламасам имтиҳонга қўйишмасмиш, - деди университетда ўқийдиган ўғли.
- Шуни нега аввалроқ айтмадинг?
- Айтгандим, укангнинг тўйини ўтказиб олайлик, деб унамадингиз.
Орага кичик ўғил қўшилди:
- Менга тўйдан кейин компьютер олиб бермоқчийдингиз…
- Дадаси, тўй билан бўлиб қарамабмиз, уннинг ҳам, ёғнинг ҳам таги кўриниб
қолибди, пул берсангиз...
Чой дамлаб кирган хотинининг бу гапи ярасига туз сепгандай бўлди.
- Пул? – у еб қўйгудек важоҳат билан хотинига ўқрайди. – Қани ўша пул? Шовла кетса кетсин, обрў кетмасин, деб гариллаган сен эмасмидинг? – кўз олдига ўйламасдан соврулган жарақ-жарақ пуллар келди. Хушкайфиятдан асар ҳам қолмади. Боши гурс этиб деворга урилгандай бўлди. «Эҳ, хом калла, эсиз пуллар, қандай азоб билан топгандим-а?..
У қаршисида қора қозонни қандай қайнатишни ўйлаётган муштипар хотинига, орзулари чиппакка чиққан ўғилларига мунғайиб қаради. Кўз ёшларини яшириш учун бошини чангаллаб, юзини ўгирди.
Тоғаймурод Шомуродов.