Туманларда “Лойиҳалар ярмаркаси" ўтказиляпти. Бу нима беради?
Каттақўрғон ва Қўшработ туманларида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида “Бўш иш ўринлари ва лойиҳалар ярмаркаси” ўтказилди.
Тижорат банклари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад меҳнатга лаёқатли ишсиз аҳолини бандликка, тадбиркорликка жалб қилишдан иборат.
Каттақўрғон туманида ўтказилган ярмаркада ишга жойлашиш ҳамда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 295 нафар фуқаро иштирок этди. Ярмарка давомида тижорат банклари ўзларида мавжуд бўлган молиявий пакетлар, намунавий бизнес-лойиҳалар билан иштирок этган бўлса, тадбиркорликда банк кредит орқали ўз фаолиятини кенгайтириб, илғор тажрибага эга бўлган етакчи корхоналар кўргазмали маҳсулотлари билан қатнашди.
Шунингдек, тадбирда 62 та корхона бўш иш ўрни билан иштирок этиб, 43 нафар фуқаро ишга жойлашиш имконига эга бўлди.
Қўшработ туманида ўтказилган ярмаркада эҳтиёжманд оилаларнинг 250 нафар вакили иштирок этди. Ярмаркада “Сайхунобод”, “Уйчи”, “Зарбдор” ва “Ғиждувон” тажрибалари асосида ишлаб чиқилган бизнес-режалар тақдим этилди. Тадбирда 25 та корхона 68 та бўш иш ўрни билан иштирок этиб, 20 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
Бундай тадбирлар йил давомида ўтказиб борилиши режалаштирилган.