Туркия туризми 2025 йилда 65 миллиард доллар даромад билан рекорд ўрнатди

Ўзбекистондаги туризм натижалари билан солиштириш ва хулоса қилишга арзийдиган маълумот ва рақамлар...

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой мамлакатнинг 2025 йилги туризм натижаларини эълон қилди. Унга кўра, 2025 йилда Туркияга ташриф буюрган сайёҳлар сони 64 миллион нафарни ва туризм даромадлари эса 65 миллиард 231 миллион долларни ташкил этди.

БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, Туркия туризми энди нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам кучли салоҳиятга эга соҳага айланди. Хусусан, Туркия 2017 йилда дунёда энг кўп сайёҳ қабул қилган мамлакатлар орасида 8-ўринда бўлган ва 2024 йилга келиб 4-ўринга кўтарилди.

Шунингдек, вазир Туркия туризм даромадлари бўйича 2017 йилдаги 15-ўриндан 2024 йилда 7-ўринга кўтарилганини таъкидлаб, 2026 йил учун 68 миллиард доллар даромад олиш мақсад қилинганини маълум қилди.

Бугунги кунда Туркия туризми кўп қиррали тузилмага эга бўлиб, мамлакатда маданий ва зиёрат туризми билан бир қаторда экотуризм, соғломлаштириш ва термал туризм, гастрономия, круиз ҳамда қишки туризм йўналишлари жадал ривожланмоқда.

Меҳмет Нури Эрсойнинг таъкидлашича, “Келажак учун мерос” концепцияси ҳамда “Тунги музей” лойиҳалари дунё миқёсида саноқли давлатлар амалга ошира оладиган ноёб ташаббуслар сирасига киради. Бу борада Туркия энг муваффақиятли ва илғор тажрибага эга мамлакатлардан бирига айланган.

Шунингдек, Туркия туризмини тарғиб қилишда қўлланилаётган мини-сериаллар модели глобал даражада катта самара бераётгани қайд этилди. Жумладан, “An Istanbul story” сериалининг битта қисми 32 миллион марта томоша қилинган, ҳатто энг кам кўрилган контентлар ҳам камида 10 миллион томошабинни жалб этган.

Зилола тайёрлади.