Участка комиссиялари таркиби тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 7-Самарқанд округ комиссиясининг бугун ўтказилган навбатдаги мажлисида округ ҳудудидаги референдум участкалари комиссиялари таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга кўра, референдум ўтказувчи участка комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин округ комиссияси томонидан йигирма беш кундан кечикмай беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан комиссия раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда тузилиши лозим.

Участка комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли референдум ўтказувчи округ комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Самарқанд вилоятидаги 14 туман ва 2 шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан 7-Самарқанд округига ҳудудлардаги участка комиссиялари таркибига тақдим этилган номзодлар кўриб чиқилиб, уларнинг таркиби тасдиқланди.

– Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолари бўлиши мумкин, – дейди 7-Самарқанд округ комиссияси раиси ўринбосари Д.Якубжанова. – Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар комиссиянинг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, участка комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпини бир ташкилотда ишлайдиган шахслар ташкил этмаслиги зарур, лекин ҳарбий қисмлар, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка комиссиялари бундан мустасно.

Ана шу тартиб асосида референдум ўтказувчи участка комиссиялари таркиби раиси, ўринбосар, котиб ва аъзолардан иборат тарзда кўриб чиқилиб, тасдиқланди. Уларнинг умумий сони 11823 нафарни ташкил этади. Комиссиялар аъзоларининг 77 фоизи аввал сайлов ва референдумларда қатнашган, бу борада тажрибага эга. Мутахассислиги бўйича 49 фоизи педагог, 11 фоизи тиббиёт ходимлари, 9 фоизи иқтисодчилар, 5 фоизи муҳандислар ва бошқа соҳалар вакилларидан иборат. Комиссиялар таркибида хотин-қизлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, раисларининг 277 нафари, раис ўринбосарларининг 387 нафари, котибларнинг 412 нафари аёллардир.

Мажлисда участка комиссиялари фаолиятини ташкил этишда округ комиссияси аъзолари олдида турган вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Округ матбуот маркази.