Участка сайлов комиссиялари аъзолари ўқитилди

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ургут туманида участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ўқув семинар ўтказилди.

Ўзбекистан Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2026 йил 13 январдаги “Айрим бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловини тайинлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, 15 февраль куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 58-Жозмон сайлов округида бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайлов ўтказилиши белгиланган.

Айни пайтда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси томонидан мазкур округда сайлов жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

– Сайлов қонунчилигимизда белгиланган тартиб асосида бўшаб қолган ўринга сайлов ўтказиш юзасидан ҳудудий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилиниб, 58-Жозмон сайлов округи бўйича 19 сайлов участкаси тузилди ва участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Санжар Назаров. – Мазкур округдаги сайловда қатнашиш бўйича бешта сиёсий партиядан аризалар қабул қилиниб, уларга рухсат берилди ҳамда партиялар кўрсатган депутатликка нозмодлар рўйхатга олинди. Номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши бўйича ҳам тегишли қарор қабул қилдик ва айни пайтда бу жараён бошланган. Шунингдек, муддатидан олдин овоз бериш муддатлари ва жойи ҳам тасдиқланди. Умуман, сайлов билан боғлиқ барча жараёнлар Сайлов кодексида белгиланган тартиблар ва Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари асосида олиб борилмоқда.

Бўшаб қолган ўринга ўтказиладиган сайловни ташкил этиш ва ўтказишда сайлов ташкилотчилари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган семинарда  Марказий сайлов комиссияси котиби Х.Маматов, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Б.Юнусов ҳамда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси масъуллари ушбу жараёнда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тушунча бердилар.

Шунингдек, семинарда сайлов қонунчилигининг бир хилда қўлланилиши, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш амалиёти бўйича мулоҳазалар билдирилди. Марказий сайлов комиссияси вакиллари участка сайлов комиссияларининг моддий-техник таъминланганлигини ҳам ўрганди.